Дзюдо: “Катта дубулға”нинг катта ва кичик ютуқлари
Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида тўрт кун давом этган дзюдо бўйича “Катта дубулға” халқаро турнири якунланди.
26 июнь – халқаро турнирнинг сўнгги кунида эркаклар 90, 100 ва +100, аёллар 78 ва +78 килограмм вазнда совринли ўринлар ҳамда Олимпия рейтинг очколари учун курашди.

90 килограмм вазн тоифасида ҳамюртимиз, Олимпия ўйинлари совриндори Давлат Бобонов, +100 килограмм оғирликда Бекмурод Олтибоев кураш олиб борди.
Илк беллашувда Олтибоевдан омад юз ўгирган бўлса, Бобонов дастлабки баҳсларда мўғулистонлик, россиялик спортчиларни мағлуб этди. Финалда эса 2014 йилги ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Михаил Игольниковга рўбарў келди ва кичик ҳисобда имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди. Шу тариқа Бобонов жаҳон рейтинги учун 700, “Париж – 2024” олимпиадаси йўлида эса 350 очкони қўлга киритди.

25 июнь кунги баҳсларда икки нафар спортчимиз – Обидхон Нўъмонов ва Гулноза Матниёзова ўз вазнларида бронза медалларига эга бўлиши уларга “Париж–2024” Олимпия ўйинлари учун зарур рейтинг очколарини тақдим этди.
Шу ўринда айтиш лозим, 73 килограмм оғирликда 3-ўрин учун икки ўзбекистонлик истеъдодли спортчи – Обидхон Нўъмонов ва Шаҳрам Аҳадовнинг кураш олиб бориши халқаро турнирнинг энг шиддатли ва муросасиз беллашувларидан бири бўлди. Ушбу баҳс қўшимча дақиқагача давом этди. Тажрибали Шаҳрам Аҳадовнинг 3 та огоҳлантиришга эгалиги сўнгги сонияларда Обидхонга ғалаба келтирди.
Аёллар ўртасида 70 килограмм вазнда ҳам икки спортчимиз бронза медали учун курашда дуч келиши мумкин эди. Аммо, Шоҳиста Назарова 3-ўрин учун курашиш имкониятини вужудга келтирган беллашувда қозоғистонлик спортчи қизга йўл берди. Шоҳистани доғда қолдирган Қозоғистон вакиласини 3-ўрин учун курашда ҳамюртимиз Гулноза Матниёзова тамошабинлар сафига кузатиб қўйди.
Якунланган халқаро мусобақада дзюдочиларимиз 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали билан умумжамоада кучли бешликдан жой олди. Совринли ўринлар эса Халқаро дзюдо федерацияси байроғи остида курашган спортчилар жамоасига, шунингдек, Япония, Мўғулистон, Исроил вакилларига насиб этди.
“Катта дубулға” турнири давомида иштирокчи давлатларнинг 30 тасидан 13 таси медалларга эга чиққан бўлса, шундан 6 та мамлакат терма жамоалари олтин медалга мушарраф бўлди. Мусобақада 17 та миллий терма жамоалар биронта ҳам медални қўлга кирита олмади.
Мазкур халқаро мусобақанинг юртимиз спортчилари учун яна бир аҳамиятли томони, унда иштирок этган 13 нафар спортчимиздан 7 нафари яна икки йилдан сўнг бўладиган ёзги Олимпия ўйинлари учун зарур илк рейтинг очколарини қўлга киртди. Шунингдек, жорий йилдан терма жамоа таркибида мустаҳкам ўрин олиб келаётган Гулнур Муратбоева, Шоҳиста Назарова, Севинч Исоқова, Камрон Нуриллаев, Раҳимжон Субҳонов, Рамазон Аллабердиев каби бир қатор ёшлар Мўғулистон баҳсларида гарчи кўзланган натижаларни қайд этмаган бўлса-да, дунё дзюдосининг зўрлари билан курашишининг ўзи улар учун “Катта дубулға”нинг катта ва кичик ютуқлари кўринишини олди. Бу эса кейинги нуфузли турниру чемпионатларда асқотиши шубҳасиз.
Тўлқин РЎЗИЕВ,
ЎзА