Дзюдо: Чемпионат янги номларни кашф этди
Чирчиқ шаҳрида 23 ёшгача бўлган дзюдочилар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатининг икки кунлик баҳслари сарҳисобига кўра, пойтахт жамоаси умумжамоа ҳисобида етакчиликка эришди.
Кеча чемпионатнинг иккинчи кунида ўғил болалар -81, -90, -100, +100 килограммда, қизлар -63, -70, -78, +78 кг. вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борди.

Икки кунлик беллашувлар якунига кўра, Тошкент шаҳри жамоаси 3 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медалига эга чиққан ҳолда медаллар жамғариш бўйича биринчи ўринни эгаллади. Тошкент вилояти жамоаси иккинчи ва кучли учликни Жиззах вилояти жамоаси эгаллади.
Чемпионатнинг сўнгги кунида ўз вазн тоифаларида Нодирбек Мавлонбердиев, Шербек Рашидов, Муҳаммадсодиқ Содиқов, Фазлиддин Рафиқов, Сарвиноз Ҳусанова, Гулина Облақулова, Севинч Маҳмуджонова ва Моҳларойим Тўхтамишева ғолибликка эришди.

Мамлакатимиз дзюдоси учун янги номларни кашф этган биринчилик якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА