Дюздочи қизлар Осиё чемпионатига тайёрланмоқда
Жорий йилнинг 26-29 ноябрь кунлари Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида катталар ўртасида дзюдо бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
Мазкур мусобақада муносиб иштирок этиш ва муҳим рейтинг очколарини қўлга киритиш мақсадида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси навбатдаги ўқув-машғулот йиғинига киришди. Ушбу йиғин Урганч шаҳрида Жамшид Худойберганов мураббийлигида ўтказилмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан келган жами 53 нафар қизлар иштирок этяпти.
Шунингдек, улар орасида ёшлар терма жамоаси аъзолари ҳам ўз тажрибаларини орттирмоқда. Дзюдочи қизларимиз машғулотлар давомида жисмоний ҳолатни яхшиловчи, техник ва тактик машқларни бажармоқда.
Эслатиб ўтамиз, 20-22 ноябрь кунлари Тошкентда ёшлар ўртасида дзюдо бўйича мамлакат биринчилиги ўтади.