17 май куни Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг ўзбек тилидаги расмий нашри – «Халқ овози» газетаси ташаббуси билан Тожикистон ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, «Дўстлик» ордени соҳиби, зуллисонайн шоир Ўлмас Жамол таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан «Ўлмас Жамол – икки халқ, икки адабиёт дилбанди» номли адабий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда шоиру ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси вакили, шоирнинг шогирдлари ва шеърият ихлосмандлари иштирок этишди.
- Ўлмас Жамол, нафақат, ўзининг юксак шеърияти, балки олийжаноб одамийлик хислатлари билан ҳам ажралиб турадиган забардаст шоир ва самимий инсон эди, - дея тадбирни очган Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси, Халқ шоири Низом Қосим шоир билан кечган қизиқарли хотиралари ва ижодий ҳамкорликлари ҳақида сўзлаб берди.
Шоир Ўлмас Жамол Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг ўзбек адабиёти секторига раҳбарлик қилган йилларда ўзбекзабон адибларнинг иттифоққа аъзо бўлиши, уларнинг энг сара асарларининг чоп этилиши, умуман, Тожикистон ўзбек адабиёти ривожига салмоқли улуш қўшгани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги элчихонаси вакили Файзулло Иноятов шоир Ўлмас Жамолнинг ижодиёти, адабиётлар ва халқлар ўртасидаги дўстликнинг мустаҳкамланишига қўлган ҳиссаси ҳақида гапирар экан, бугунги тадбир кейинги йилларда ривожланиб бораётган Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари ва маданий ҳамкорликларининг ёрқин намунаси эканлигига урғу берди.
- Бугунги тадбир «Халқ овози» газетаси билан ҳамкорликда ўтказилаётгани бежизга эмас. Зеро устозимиз Ўлмас Жамолнинг иш ва ижодий фаолияти ушбу газета билан узвий боғланган эди, - деди «Халқ овози» газетаси Бош муҳаррири ўринбосари Эркин Шукур. – Узоқ йиллар газетамизнинг адабиёт бўлимини бошқарган отахон шоиримиз Ўлмас Жамол ёш қаламкашларнинг ижод намуналарини газета саҳифаларида эълон қилиб, уларга тўғри йўл кўрсатиб, адабиётга қизиқишини орттирди ва табиий равишда, Тожикистон ўзбекзабон адибларининг ҳақли устозига айланди.
Тадбир давомида Тожикистон Халқ шоири Камол Насрулло, Тожикистон Халқ ёзувчиси Абдулҳамид Самад, адабиётшунос олимлар Абдунаби Сатторзода, Абдураҳмон Абдуманнонов, шоирлар Ато Мирҳожа, Омон Ражаб, Сулаймон Эрматов, Шодмон Жўра, Собирхон Мақсудов, тарих фанлари номзоди Зебунисо Сатторва, таниқли хаттот Мирзомуҳиддин Ҳақбердиев, «Халқ овози» газетасининг масъул котиби Искандар Маҳмадалиевлар сўзга чиқиб, шоир ижоди ва у билан боғлиқ хотираларни эсга олди.
Самарқанднинг Ургутида таваллуд топиб, Душанбеда камолга етган Ўлмас Жамол икки халқ ва икки юрт фарзанди эди. «Дўстлик куйчиси», «Икки чаман булбули», «Тожик ва ўзбек халқларининг дўстлик кўприги» деган таърифларга сазовор бўлган шоир ижодида дўстлик мавзуси биринчи ўринда бўлган.
Шоирнинг «Ўзбекистон ўғлидурман, тожигим гуфто писар…», - деган сатрлар билан бошланадиган шеъри тожик ва ўзбек халқлари дўстлигининг мадҳиясига айланиб улгурган.
Шоир Ўлмас Жамол яратган «Сурур», «Масрур», «Манзур» ва «Маъмур»дан иборат тўрт девон унинг энг сара ғалларларини ўз ичига олган.
Мирзо Турсунзода, Боқи Раҳимзода, Муъмин Қаноат, Лоиқ Шерали, Қутби Киром, Гулназар Келди, Гулрухсор, Асқар Ҳаким, Меҳмон Бахтий, Камол Насрулло ва бошқа тожик шоирларининг шеърларини маҳорат билан ўзбек тилига ўгириб, таржимонликда ҳам ўзининг юксак маҳоратини намоён этган эди.
Шоир Ўлмас Жамол ва унинг ижоди Ўзбекистонда ҳам эътироф ва эҳтиромга сазовор бўлган. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Жамол Камоллар Ўлмас Жамол шеъриятига юқори баҳо беришган.
Албатта, ҳар бир қилинган ижод ва чекилган заҳмат қадрланиши билан эъзозлидир. Ўлмас Жамол ҳам қадр топган шоирлардан эди.
У Тожикистон Республикасининг «Дўстлик» ордени, Тожикистонда хизмат кўрсатган журналист ва Абулқосим Лоҳутий номли мукофотлар билан тақдирланган.
Шоир вафотидан кейин унинг номини абадийлаштириш учун Хатлон вилоятининг маъмурий маркази – Бохтар шаҳри кўчаларидан бири Ўлмас Жамол номига қўйилди.
Шоир таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Душанбе, Бохтар, Ургут шаҳарларида адабий кечалар ўтказилмоқда.
Умуман олганда, шоир умри унинг шеърларида давом этмоқда. Бу эса, ҳар бир ижодкор учун улкан бахтдир. Халқнинг кўнгилидан жой олиб, меҳрини қозонган шоир ўз ғазалларининг бирида шу элнинг фарзанди эканлигидан фахрланган ҳолда, шундай деганди:
Эй Ўлмас, ифтихор айла, шу элнинг шоиридурсан, Десанг арзир: - Ғазалхонлар аро соҳиби ашъормиз.
Зуҳриддин УМАРОВ, Тожикистон.