
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Қирғиз Республикасига ташрифи доирасида Душанбе ва Бишкек шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатини ўрнатиш тўғрисида битим ҳам имзоланди. Бу ҳақда “Ховар” ахборот агентлиги ёзди.
Мазкур ҳужжат икки пойтахт иқтисодиёт, тижорат, фан-техника, маданият, спорт, ахборот каби муҳим соҳаларда тенг ҳуқуқ, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида дўстона ҳамкорлик қилишини назарда тутади.
Шу тариқа Бишкек Душанбенинг 23-биродарига айланди.
Ушбу келишув давлат раҳбарлари иштирокида кечган музокара якунлангандан кейин имзоланган.
Дарвоқе, Душанбе Жаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси, Халқаро пойтахтлар ва метрополиялар ассамблеяси, Халқаро ҳамда Боулдер – Душанбе қардош шаҳарлар ташкилотлари, Жаҳон қардош шаҳарлар ташкилотига аъзо, Осиё, Европа, Америка ва Африка қитъаларидаги қатор шаҳарлар билан дўстона алоқа ўрнатган.