Қарор ва ижро
Ҳар сафар тил ўрганиш масаласида гап кетса ёки чет тилларини яхши биладиган ёшларни кўрсак, Гётенинг «Инсон нечта тил билса, у шунча одамдир», деган гапи ёдга тушади. Гёте ҳақ, чунки тил билган инсон, аввало, ўша халқ тарихи, маданияти, урф-одати ва дунёқарашларини ҳам беихтиёр ўзлаштириб боради. Шу тариқа кишида тафаккур юксалади.
Бугун Ўзбекистонда ҳам чет тилларини ўрганишга катта қизиқиш кузатилмоқда. Бунинг учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Жумладан, хорижий тилларни ўқитиш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.
Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари билан мамлакатда чет тилларни ўргатишнинг илғор технологияларидан фойдаланиш йўлга қўйилди.
Шу тариқа юртимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимга асос солинди. Унга кўра, мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида иккита чет тилини билиши зарурлиги белгиланди.
Ўз навбатида, чет тилларни ўргатиш олий таълим тизимида ҳам илғор технологиялар асосида ривожланиб ва оммалашиб бормоқда. Энг муҳими, тил ўрганишга талаба-ёшларимизнинг ҳам қизиқиши анча кучайган.
Бунинг бир қанча асослари бор ва бунинг учун мустаҳкам замин яратилган. Жумладан, инглиз тили бўйича самарали материал ва адабиётлар чоп қилувчи машҳур босмахоналар (Oxford, Macmillan) билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда, пировардида, миллий менталитет ва маданиятимизга мос келувчи, нафақат тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш, балки социолингвистик, прагмалингвистик, стратегик, дискурсив компетенцияларни ривожлантиришни ўз ичига олган китоб ва дарсликлар яратиш, чоп этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда барча фанларни ўқитиш жараёнига компетенциявий ёндашув кенг татбиқ этилмоқда. Энди ўқувчи ва талабаларга фан бўйича билим, кўникма, малака беришнинг ўзи етарли эмаслиги, балки ҳосил қилинган тушунчаларни турли вазиятларда амалий қўллаш лаёқатини шакллантириш зарурлиги аён бўлмоқда.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, хорижий давлатларда чоп этилган замонавий, ўқув-методик, илмий адабиётлар, дарсликлар ва қўлланмаларни, халқаро тестлар ва уларни жорий этиш бўйича рухсатнома, лицензияларни харид қилиш масаласи ҳам ижобий ечим топмоқда. Бу жараён йўлга қўйилиши билан чет тилини ўқитувчилар ва ўрганувчилар хориж тажрибасидан бемалол фойдаланиши ва чет тилларни мукаммал ўрганиши мумкин.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мисолида оладиган бўлсак, Хорижий тиллар кафедраси талабалар билан ишлаш, уларга чет тилини ўргатишнинг энг илғор технологияларидан фойдаланилмоқда.
Бугун айрим талабалар «Бизга чет тили нима учун керак?» деган қараш билан юради. Айтишни истардикки, чет тилларини билишнинг афзаллиги кўп. Бу, айниқса, замонавий дунёнинг глобаллашув жараёнида яққол кўзга ташланади.
Дунё миқёсидаги глобал ўзгаришлардан хабардор бўлган ёш авлоднинг ҳушёрлик руҳи ва кенг фикрлай олиш қобилияти ривожланади. Чет тилларини билиш орқали ёшлар замонавий технологияларни ўзлаштириб, илғор ғоялар ва халқаро ташаббусларни илгари суриш қобилиятига эга бўлади, инновацион ютуқларни қўлга киритади.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Чет тилларини билиш, айниқса, спортчи-ёшлар учун ҳам жуда муҳим бўлиб қолди.
Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Масалан, Янги Ўзбекистон шароитида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, иқтидорли, кучли спортчиларни излаб топиш ва тайёрлаш, уларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда, Олимпиада ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида иштирокини рағбатлантиришга давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пировардида, мамлакатимиздан кўплаб чемпионлар етишиб чиқиб, дунё ҳайратига сазовор бўляпти. Демак, халқаро мусобақада ғолиб бўлган спортчи-ёшларимиз хорижлик журналистлар билан бевосита мулоқот қилиши керак бўлади. Фикрини ва мамлакатдаги ислоҳотларни, айтайлик, инглиз тилида етказиб бериш ҳам дунё мамлакатларининг ўзбекистонлик спортчиларга бўлган ҳурмати ошишига хизмат қилиши табиий.
Фикримиз далили сифатида ёш шахматчиларимизни келтириш мумкин. Улар ўтган йили жаҳон чемпиони бўлганида, инглиз тилида қандай равон гапирганига ҳаммамиз ҳавас билан қарадик. Бошқа спортчиларимиз ҳам улардан ўрнак олиши керак.
Қолаверса, чет элдаги мусобақаларда бўлаётган жараёнларни, вазиятни билиб туриш учун ҳам чет тилини билиш зарурати бўлади. Элементар жиҳатни оладиган бўлсак, ҳеч бўлмаса ҳакамга ўз фикрини етказа олиш учун ҳам тил билиш керак бўлади.
Бугун биз талаба-ёшларимизга ана шу муҳим жиҳатларни тушунтирган ҳолда чет тилларни ўргатишга киришганмиз. Айтиш жоизки, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Шу боис жорий йил май ойида университетимизда «Тилни ўқитишда касбий фаолиятга йўналтирилган таълим» мавзусида республика илмий анжумани ўтказишни режалаштириб турибмиз. Унда хорижий тилларни ўргатишни таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш, ушбу йўналишда таълим сифатини тубдан ошириш, тилни ўқитишда касбий фаолиятга йўналтириш бўйича ноанъанавий инновацион методлар ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз.
Яна бир жиҳат шундаки, 2022/2023 ўқув йилидан магистратура ва олий таълимдан кейинги таълимда ўқиш истагида бўлган талабгорлардан чет тилидан B2 даража, тил йўналишлари номзодлардан эса С1 даражадаги сертификат талаб қилинади.
Бу нима учун зарур, деган савол ҳам туғилмоқда. Гап шундаки, агар талаба ёки ёш тадқиқотчи инглиз тилини билмаса ё ҳаминқадар билса, қандай қилиб илмий иш қилади, қандай тадқиқот олиб боради? Ҳозирги замон билан қандай беллашади?
Умуман айтганда, хорижий тилларни ўрганиш дунёга ва дунёвий ислоҳотларга йўл очади. Айниқса, Янги Ўзбекистон шароитида, юртимиз кенг жаҳонга очилаётган бугунги замонда тил ўрганиш зарур ва шарт.
Ширин АЛИЕВА,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва
спорт университети Хорижий тиллар
кафедраси мудири.
ЎзА