Дунёга ўзбек миллатини танитадиган асарлар
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Абдулла Қодирийнинг беш жилдлик “Тўла асарлари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тўплам Миллий кутубхонанинг “Info Capital Books“ нашриёти билан ҳамкорликда нашр этилган.
Ушбу адабий мажмуани тайёрлашга ва чоп этишга улуғ адибнинг невараси Хондамир Қодирий масъул бўлди.
Тадбир аввалида атоқли адиб Абдулла Қодирийга бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Таниқли адабиётшунос, тарихшунос олимлар Қодирий асарларининг аҳамияти, залвори хусусида батафсил сўз юритди.
– Албатта бундай китоблар билан катта бойликлар орттириб бўлмайди, — деди атоқли тарихчи олим Баҳром Ирзаев. – Лекин ушбу китоблар миллатнинг ойдин йўлидир. Абдулла Қодирийнинг ижоди ҳақида юртимиз, ҳам хорижда кўп ва хўб гапирилган. Миллатимизга Абдулла Қодирий ижодига оид бир аср олдинги бундай хазинанинг етказилиши жуда муҳимдир. Унинг асари 1925 йили Самарқандда Саид Ризо Ализода томонидан нашр этилиши Қодирийнинг гўзал ижодидан миллатимизни баҳраманд этиш йўлидаги эзгу ишлардан эди...

– Ёзувчи ва шоирлар – миллатнинг виждони, – деди адабиётшунос олим Маъруфжон Йўлдошев. – Мустамлакачилар халқни виждонидан маҳрум этиш учун ҳам энг аввало зиёлиларнинг пешқадамлари бўлмиш ёзувчи ва шоирларни қатағон этган. Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари турк тилига ҳам таржима этилган. Маълумки, Туркиядаги 60 га яқин университетда ўзбек тили ва адабиёти ўқитилади. Абдулла Қодирий асарларининг тўлиқ ҳолда чоп этилиши миллатимизнинг маънавий юксалишида ҳам бетакрор аҳамиятга эга. “Ўткан кунлар” асарида ҳар бир китобхон ўзини, ўзлигини кўради. Мазкур асар китобхонни ўзлигига қайтаради. Дунёга ўзбек миллатини танитадиган ушбу асар ҳар бир ўзбек хонадонида бўлиши керак.

Дарҳақиқат, ушбу тўпламда энг севимли асарларимиздан бири бўлган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Диёри бакр” ва “Обид кетмон” асарлари ўрин олган бўлиб, ҳар бири китоб ҳолида жамланган. Шунингдек, “Ўткан кунлар” асарига Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, “Меҳробдан чаён”га Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, “Обид кетмон”га адабиётшунос олим Умарали Норматовларнинг сўз бошилари келтирилган. “Диёрбакр” асари шеърлар, ҳикоялар, саҳна асарлари, ҳангома, фельетон ва мақолаларни ўз ичига олган. Бешинчи жилд “Адибни хотирлаб” деб номланади. У мемуар сингари адибнинг замондошлари, издошлари, фарзандлари ва набиралари томонидан Қодирий ҳақида билдирилган фикрлар, архив материаллари ва хотиралар асосидаги воқеа ва фактларни жамланган.
Мазкур мажмуа чиройли шаклда, ўзгача безакда, мукаммал ва тўлиқ экани билан аҳамиятлидир. Янги беш жилдликда китобхон аввал ўқимаган маълумотларни ҳам топиши мумкин. Яна бир муҳим томони – бетакрор дизайн ва безакка эга бўлган бу китоблар махсус совғабоп қутига мозаика шаклида тахланганки, ҳар бир китоб бири иккинчисини тўлдириб туради. Ушбу китоб мажмуаси ўқимишлилиги, совғабоплиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Назокат Усмонова, ЎзА