114 ёшли Фаужа Сингх Ҳиндистонда йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Панжоб штати Бис қишлоғида нотаниш автомобиль уриб кетган спортчи касалхонага етказилган, бироқ бош ва қовурға жароҳати туфайли ҳаётдан кўз юмган.
СNN хабарига кўра, Сингх 1911 йил қишлоқда туғилиб ўсиб, кейинчалик Лондонга кўчган. 89 ёшида турмуш ўртоғи ва ўғлидан айрилгач, марафонга жиддий киришиб, тез орада “Сарбонд Торнадо” лақабини олган. У жами тўққиз марта марафонда муваффақиятли қатнашган. Жумладан, 2003 йил 5 соат 40 дақиқа натижа қайд этган. 2011 йил эса 100 ёшида Торонто марафонини 8 соат 11 дақиқада якунлаб, масофани тўлиқ босиб ўтган бир асрлик қаҳрамон сифатида тарихга кирди. Марҳум туғилганлик гувоҳномаси бўлмагани сабабли Гиннес рекордлари китобига киритилмаган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди “бетакрор иродага эга буюк спортчи” дея таърифлаб, Фаужа Сингхга алоҳида ҳурмат бажо келтирди.
Ҳодиса бўйича асли хорижда истиқомат қиладиган бир киши ҳибсга олинган. Мамлакат полицияси унга нисбатан бир неча модда билан жиноят иши қўзғаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА