Хабарингиз бор, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг расмий ташриф билан юртимизга келиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан унинг қатор мамлакатларда оммалашган “Дунё янада одил бўлиши мумкин” номли китоби иккинчи бор ўзбек тилида нашр этилди. Маълумотларга кўра, китоб дунёнинг кўплаб тилларига ўгирилган ва турли давлатларда катта тиражларда чоп этилган. ЎзА мухбири нашр ҳақида асар таржимони ва китобхон фикри билан қизиқди.
Китобни ўзбекчага ўгирган таржимон, филология фанлари доктори, профессор Маъруфжон Йўлдошев:
–Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг ушбу китоби биринчи марта Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи олдидан ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган эди. Чекланган миқдорда чиққанлиги учун “Янги аср авлоди” нашриёти китобни кўп сонда нашр қилишни таклиф қилди. Китоб нашр қилингандан бери инглиз, араб, немис, француз, рус, испан каби кўплаб тилларга таржима қилинган ва дунё китобхонлари орасида оммалашган. Энди ўзбек китобхонлари ҳам мазкур китобни ўзбек тилида ўқиш имконига эга бўлди.
Умуман, дунёда бугун сиёсий китобларга, сиёсатчиларнинг асарларига қизиқиш катта. Режеп Таййип Эрдоған ушбу китобида глобал сиёсат, айниқса, дунёнинг етакчи мамлакатлари юритаётган сиёсат, қочқинлар масаласи, халқаро терроризм ва исломга қарши муаммоларга тўхталган.
У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қонунийлик, функционаллик, таъсирчанлик, қамраб олувчилик, вакиллик ва бошқарув муаммоларига ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашида кенг қамровли ислоҳот ўтказиш зарурлиги ҳақидаги фикрларини қаламга олган.
Хусусан, китобда қуйидаги сатрларни ўқиш мумкин:
"Болалар ўлдирилаётган дунёда ҳеч ким бегуноҳ эмас".
“Шафқат қаҳат бўлиб турган замонда бизларга адолатнинг тимсоли, виждонларнинг овози бўлишдек масъулият тушмоқда”.
“Бизнинг тафаккуримизга кўра, дунёнинг мувозанати, озодлиги ва бахтиёрлиги адолат билангина қоимдир. Дунёнинг янада адолатли бўлиши учун ҳам умид ва ишонч берувчи дунёвий тизимга эҳтиёж бор. Барча камчиликларига қарамай, зарурий ислоҳотлар ўтказилса, БМТ тузилмасини бу борадаги энг мақбул ташкилот сифатида қабул қилиш мумкин деган фикрдамиз”.
“Адолат, ҳузур, ишонч, барқарорлик фақатгина маълум мамлакатларда яшаган инсонларнинг ҳақи эмас. Дунёмизда яшаётган 7-8 миллиард инсоннинг ҳар бири бу ҳуқуққа, имконларга эга бўлиши керак. Маъсум болаларнинг, аёлларнинг, инсонларнинг қони нопок сиёсий ҳисоб-китоблар туфайли оқишда давом этгани сари инсониятнинг виждони ҳузур топмайди, топа олмайди ҳам”.
“Адолат бутун жамиятлар учун умумий қадрият ҳисобланади. Маданият, тамаддун ва динга ажратмасдан барча ижтимоий ва сиёсий тизимлар адолатни марказда тутувчи тузумни бунёд этишга ҳаракат қилишган”.
Китоб филология фанлари номзоди, доцент Абдумурот Тиловов ва менинг иштирокимда ўзбекчага ўгирилди.
Аҳрор Назарқулов, талаба, китобхон:
–Ушбу китоб илк бор турк тилида нашр этилиб, эълон қилинганидан эътиборимни тортганди, чунки сиёсатчиларнинг асарлари доим мени қизиқтирган. Бугун “Дунё янада одил бўлиши мумкин” асарини ўзбек тилида ўқиш имкони эса мен каби китобсеварлар учун яхши янгилик бўлди. Китоб «Янги аср авлоди» нашриёти томонидан чоп этилгач, уни ўқиб чиқдим. Билишимча, асар бугунгача кўплаб тилларга таржима қилинган ва дунёда ниҳоятда катта тиражларда нашр қилинган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш ҳақидаги фикрлари китобхонлар эътиборини тортгани аниқ. Чунки китобдаги асосий муҳокамалар шу масала юзасидан бўлганини кузатиш мумкин. Дунё қонунлари қанчалик адолатли? Нега бу кенг миқёсли ислоҳотларга эҳтиёж сезилмоқда? Китобда Режеп Таййип Эрдоған шу каби саволлар атрофида фикр юритади. Менга энг таъсир қилгани болалар ва аёллар билан боғлиқ ифодалари бўлди.
Китобда шундай иқтибос бор: “Болалар ўлдирилаётган дунёда ҳеч ким бегуноҳ эмас". Китоб жуда таъсирли ва табиий тарзда ёзилган. Услуби ва таржима тили менга ёқди. Шундай китоблар кўпроқ таржима қилинишини хоҳлайман.
ЎзА мухбири Мафтуна Каримова суҳбатлашди.