Самарқанд шаҳрида Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро анжуман ўтказилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Самарқанд мезбонлик қилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида бугунги кунда дунё миқёсида глобал аҳамият касб этаётган озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ушбу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама этиш мақсадида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Мазкур ташаббус кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО техник кўмагида Самарқандда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ташкил этилди.
Тадбирда дунёнинг 32 давлатидан 620 нафардан зиёд хорижий меҳмон ҳамда 30 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотдан вакиллар иштирок этмоқда.
Самарқанддаги конгресс марказида халқаро конференциянинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига мурожаатини Бош вазир А.Арипов ўқиб эшиттирди.
– Сўнгги ўн йилларда “яшил инқилоб” ва инновацион технологиялар кенг жорий этилиши туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш миқдори кескин ошди, тобора кўпайиб бораётган дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди, – дейилади мурожаатда. – Афсуски, кейинги пайтда коронавирус пандемияси, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги инқирозлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизими занжирлари узилиши ва нархлар ошишига сабаб бўлди.
Бундан ривожланаётган мамлакатлар кўпроқ жабр кўрмоқда. Глобал иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимига киритилаётган инвестиция миқдори камайиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу эса Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни хавф остида қолдиряпти.
Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг 2021 йил озиқ-овқат тизимлари бўйича глобал саммит ўтказиш ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Бугунги анжуман ана шу саммитнинг мантиқий давомидир.
Маросимда сўзга чиққан ФАО Бош директори Цюй Дунъюй халқаро анжуман юксак савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди ва тадбирнинг аҳамиятига тўхталди.
– Мен Ўзбекистонни минтақадаги энг яхши ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган жой эканига ишонч ҳосил қилганман, – деди Цюй Дунъюй. – Ўзбекистондаги бугунги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик нафақат минтақа, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Қолаверса, бу кўҳна замин қадимий цивилизациялар бешиги ва бугунги кундаги саъй-ҳаракатлар, ривожланиш жараёни туфайли албатта яна ўша даражага чиқишига ишонаман. Айни дам мамлакатда қишлоқ хўжалигини замонавий талаблар даражасида тараққий эттириш, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш борасида муваффақиятли амалга оширилаётган ишлар БМТ Тараққиёт дастури талабларига тўла мос келади.
Анжуманда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги бўйича тадқиқотлар олиб борувчи халқаро марказ (ИКАРДА) раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, мазкур форум ва унда муҳокама этиладиган масалалар бутун дунё халқларининг бугунги ва эртанги кунига дахлдорлигини таъкидладилар.
Жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Хусрав Нозири бугун дунёнинг бир қатор давлатларида аҳолини, ҳатто маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш қийинлашаётгани, бу айниқса, ўрта ва кам таъминланган давлатларда яққол сезилаётганини қайд этди. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун 2030 йилга бориб дунёда очарчиликни йўқотишимиз керак, деди Хусрав Нозири.
Ялпи мажлисдан сўнг конференция сессия йиғилишлари билан давом этди.
Сессияларда ҳар бир давлат вакиллари ўз мамлакатлари мисолида дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида инновацияларни кенг жорий этиш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, ердан самарали фойдаланиш каби масалалар юзасидан фикр билдирди.
Бутун дунё халқлари учун, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида экспресс-йўлаклар очишга хизмат қилувчи “Ноль очлик” даражасига эришиш тамойилини акс эттирган турли мавзулардаги муҳокама, мунозаралар бўлиб ўтди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда дунё аҳолиси ер ҳосилдорлиги камайиши, сув танқислиги, қолаверса, кейинги йиллардаги пандемия, беқарор геосиёсий вазият сингари салбий ҳолатларга кўп бора дуч келмоқда. Бу жараёнда, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ўта долзарб аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам иштирокчилар Самарқанд конференциясининг ўтказилиши айни муддао бўлганини қайд этмоқда.
– Айни пайтда дунё аҳолисининг глобал миқёсда жадал ўсиши кузатиляпти – деди Исроил қишлоқ хўжалиги вазири Ави Дихтер. – Тахминга кўра, 2050 йилга бориб инсоният нуфузи 10 миллиардлик довонни забт этиши кутилмоқда. Иқлим инқирози хавфи ҳам кучайиб боряпти. Бундай вазиятда глобал ҳамкорлик жуда муҳим. Яъни ёрқин келажакни таъминлаш учун умумий ва алоҳида халқлар ўртасида конструктив фикр алмашишни йўлга қўйиш зарур. Айни жараёнда, айниқса, инновацион ечимлар кўпроқ фойда беради. Исроилда йиллар давомида соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш учун олимлар ва фермерлар ўртасидаги илмий ҳамкорликка асосланган стандарт яратилди. Натижада қишлоқ хўжалиги саноатга айланди.
Италия қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижиданинг қайд этишича, бугунги шароитда барча давлатлар ва халқлар учун сифатли озиқ-овқат таъминоти энг муҳим жиҳатлардан бири. Масалан, Италияда соҳага замонавий технология, яшил инновацияни жорий этиш эътибор марказида. Асосий мақсад ернинг ҳолатига таъсир қилмасдан, ҳосилни икки баробар оширишдир.
Анжуман доирасида ташкил этилган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги салоҳиятини акс эттирган кўргазмада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ишлаб чиқарувчилар, кластерлар вакиллари ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этяпти. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникалари, соҳага жорий этилаётган замонавий технологиялар намойиш қилинмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида сессияларда муҳокама қилинган масалалар асосида Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
– Пандемия ва бошқа турли глобал чақириқлар бизни эски ёндашувларни қайта кўриб чиқишга руҳлантирмоқда, фермерлик ҳаракати ва агробизнесни рағбатлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигини юритишнинг янги услублари нақадар муҳимлигини исботлаяпти, – деди мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов. – Ҳозир Ўзбекистонда агроозиқ-овқат тармоғини қайта ташкил этиш жараёни кечмоқда. Соҳа салоҳиятини янада кучайтириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида жаҳоннинг етакчи олимларини жалб этиш режалаштирилган. Юқори сифатли озиқ-овқат билан имкон даражасида кўпроқ инсонлар қамраб олинишини таъминлаш учун янги ечим, инновациялар талаб қилинади. Муҳокамалар марказида бўлган шу масалалар Самарқанд декларациясининг ҳам асосини ташкил қилади.
Бундан ташқари, ҳужжатда қуйидаги мақсадлар қайд этилган:
– қишлоқ хўжалигини экологик жиҳатдан энг хавфсиз, биохилма-хилликни қўллаб-қувватлайдиган усулда, сув ресурсларидан оптимал фойдаланган ҳолда ривожлантириш;
– аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмирларнинг соғлом овқатланишига кўмаклашиш, мактабда овқатланиш комплекс дастурларини жорий қилиш;
– аёлларнинг агроозиқ-овқат тизими трансформациясидаги улушини ошириш учун қишлоқ аёлларининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш;
– давлат миқёсида кичик ва оилавий хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, бундай тузилмаларнинг ишлаб чиқариш, табиий ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш.
Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири А.Воитов бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ҳамкор хорижий давлатлар вазирлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Анжуман 8 сентябрь куни ўз ишини давом эттиради. Куннинг асосий воқелиги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги инвестиция форуми бўлиши кутилмоқда. Унда мамлакатимиз аграр соҳасида айни пайтда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилади. Шунингдек, мазкур йўналишда хорижлик инвесторлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгиланади.
Конференция қатнашчиларининг Самарқанд вилоятидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан танишуви ҳам кўзда тутилган.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ,
Ғолиб ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбирлари