Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гаровидир. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда ёритишда давом этади.
ЕИ электр нархларини туширмоқчи

Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари Европа комиссиясидан электр энергияси нархларини камайтириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлашни талаб қилди. Бу Эрон низоси фонида энергия бозорларидаги беқарорлик ва Қатарда газ ишлаб чиқариш тўхтаганидан кейин нархлар ошгани билан боғлиқ. ЕИ мамлакатлари айниқса, уй хўжаликлари ва саноат учун электр нархи юқорилиги иқтисодий рақобатбардошликка таҳдид солаётганини таъкидламоқда.
Муҳокамалар марказида ЕИнинг ЭТС — эмиссиялар савдоси тизими ҳам турибди. Бу тизим компанияларни чиқарган карбон учун тўлов қилишга мажбур қилади, аммо айрим давлатлар унинг электр нархига таъсири кучайиб кетганини айтмоқда. Шу сабаб Европа комиссиясидан 2026 йил июлигача ЭТС бўйича қайта кўриб чиқиш таклифлари тайёрлаш сўралди. Шу билан бирга, ЕИ узоқ муддатда энергия мустақиллигини ошириш учун қайта тикланувчи энергия манбалари ва электр тармоқларини кенгайтиришни асосий ечим деб ҳисобламоқда.
Қатар: Эрон можароси “фалокатли оқибатлар”га олиб келиши мумкин

Қатар ташқи ишлар вазирлиги вакили Мажид Ал-Ансорий Эрон зиддияти бутун дунё учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлаб, можарони тезда тўхтатишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, кескинлик назоратдан чиқса, бу минтақавий урушга айланишини Қатар 2023 йилдан бери бир неча бор огоҳлантирган. Ал-Ансорий дипломатик музокаралар ўрнини жанглар эгалласа, бу янада оғир оқибатларга олиб келишини билдирди.
Мамлакат Эронни Форс кўрфази давлатларидаги энергетика ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилишда айблаб, бу нафақат минтақада, балки глобал иқтисодиётда ҳам силкинишлар келтириб чиқаришини иддао қилган. Баёнотдан бир неча дақиқа ўтиб, Доҳада яна ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди ва мамлакат мудофаа тизимлари Эрон томонидан учирилган яна бир ракетани йўқ қилгани маълум бўлди. Қатарлик мулозим АҚШ ва Европа билан хавфсизлик бўйича ҳамкорлик ўлкани ҳимоя қилишда асосий омил эканини урғулаган.
Мерц: Исроилнинг янги шаҳарчалар қуриш режаси хато

Германия канцлери Фридрих Мерц Исроилнинг Ғарбий соҳилда янги аҳоли шаҳарчаларини қуриш режасини кескин танқид қилди. Унинг айтишича, “E1” лойиҳаси амалга оширилса, бу икки давлатли ечим имкониятини жиддий равишда қийинлаштиради. Берлинда Чехия бош вазири Андрей Бабиш билан учрашувда Мерц бу ташаббусни “аннексияга ўхшаш ҳаракатлар” деб атаб, Исроил ҳукуматини режани қайта кўриб чиқишга чақирди.
“E1” лойиҳаси Шарқий Қуддус яқинида 3400 та уй қурилишини назарда тутади ва кўплаб Европа давлатлари бу режа Фаластин давлатини яратиш имкониятига жиддий таҳдид солишини айтмоқда. Исроил молия вазири Безалел Смотрич эса ушбу сиёсатни ҳимоя қилиб, ҳар бир янги шаҳарча “Фаластин давлати ғоясига қўйилган яна бир мих” эканини айтган. Халқаро ҳуқуққа кўра, Ғарбий соҳилдаги шаҳарчалар ноқонуний ҳисобланади, аммо Исроил бу масала музокаралар орқали ҳал қилиниши кераклигини таъкидлаб келмоқда.
АҚШ Эрон ракеталарига қарши “LUCAS” дронини ишга туширди

Замонавий урушларда дронлар ҳал қилувчи омилга айланиб бормоқда. Эроннинг машҳур “Шаҳид-136” камикадзе учоғи 20-50 минг доллар атрофида туради, аммо уни уриб тушириш учун ишлатиладиган АҚШнинг “Патриот” ракета тизимининг бир донаси тахминан 4 миллион доллар. Шу фарқ сабаб Эрон дронлардан кенг фойдаланиб келган. Энди АҚШ ҳам шунга ўхшаш арзон дрон — “FLM-136 LUCAS”ни ишлаб чиқди.
Аризонадаги “Spektreworks” компанияси яратган бу дрон узунлиги 3 метр бўлиб, 6 соатгача парвоз қила олади ва 444 денгиз мили масофасида ҳужум қилиш имкониятига эга. Унинг нархи тахминан 35 минг доллар, яъни “Шаҳид-136” билан деярли тенг нархда. АҚШ Марказий қўмондонлигига қарашли “Task Force Scorpion Strike” бўлинмаси бу дронларни Эронга қарши операцияларда қўлламоқда. Пентагон арзон дронларни оммавий ишлаб чиқаришни келажакдаги ҳарбий устунликнинг муҳим омили деб ҳисобламоқда.
Европарламент ЕИ-АҚШ савдо келишуви бўйича овоз беришга яқин

Европа парламенти ЕИ ва АҚШ ўртасидаги янги савдо келишувини март ойи охиригача тасдиқлаши мумкин. Парламент сиёсий гуруҳлари ЕИ савдо комиссари Марош Шефчович билан музокаралар олиб бориб, 17 мартда келишув матни бўйича якуний келишувга эришиши кутилмоқда. Агар келишув қабул қилинса, 19 март куни Халқаро савдо қўмитасида овоз берилиб, 26 мартда парламент пленар мажлисида расман тасдиқланиши мумкин.
Жараён АҚШ президенти Дональд Трамп жорий этган янги божлар сабаб мураккаблашди. Февралда Вашингтон ЕИ маҳсулотларига 10 фоизлик бож жорий қилган ва айрим товарларга тарифлар 30 фоизгача етган. Шу сабаб келишувга махсус “муддат тугаши” ва «тўхтатиш» бандлари киритилмоқда: агар АҚШ шартларни бузса, ЕИ тариф имтиёзларини бекор қилиши мумкин. Европа депутатлари геосиёсий беқарорлик фонида бу келишув трансатлантик савдони барқарорлаштириш учун муҳим деб ҳисобламоқда.
ГФР уруши сценарийси учун ярадорларни эвакуация қилиш машқини ўтказди

Германияда “Medic Quadriga 2026” ҳарбий машқлари доирасида ярадор аскарларни фронтдан ҳарбий госпиталларга эвакуация қилиш бўйича кенг кўламли сценарий синовдан ўтказилди. Машқда Литвада жойлашган НАТО бўлинмаларидан ярадорларни самолётлар, вертолётлар ва тез ёрдам хизматлари орқали ГФРга етказиш жараёни тўлиқ машқ қилинди. Унда тахминан 1250 киши, жумладан ҳарбийлар, шифокорлар ва фуқаролик қутқарув хизматлари иштирок этди.
Мутахассислар эҳтимолий можарода Балтика давлатларидан кунига минг нафаргача ярадор Германияга олиб келиниши мумкинлигини ҳисобламоқда. Шу сабаб мудофаа вазири Борис Писториус мамлакатни НАТОнинг асосий логистика маркази сифатида тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади. Альянс режаларига кўра, катта можаро ҳолатида 800 минггача ҳарбий ГФР ҳудуди орқали Шарқий Европага йўналтирилиши мумкин.
Украина мусодара қилинган пул ва олтинни қайтаришни талаб қилмоқда

Украина ҳукумати Венгрия томонидан мусодара қилинган 40 млн доллар, 35 млн евро ва 9 кг олтинни қайтаришни талаб қилиб, Европа Иттифоқи институтларига мурожаат қилди. Киев маълум қилишича, ушбу маблағлар Австриядан Украинага олиб кетилаётган бўлиб, давлат банки Ощадбанкга тегишли бўлган. Украина Миллий банки раҳбари Андрий Пишний Европа Марказий банки, Европа комиссияси ва ЕИ ташқи сиёсат раҳбари Кая Калласга мактуб юбориб, бу ҳолатни текширишни сўраган.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳукуматга ушбу пул ва олтинни текширув давомида 60 кунгача ушлаб туришни буюрган. Будапешт бу юкни пул ювишда гумон қилиб тўхтатганини айтмоқда. Киев эса бу айбловларни рад этиб, маблағлар оддий банк операцияси доирасида ташилаётганини билдирмоқда ва ҳодисани “давлат терроризми” деб атаган. Бу воқеа Украина ва Венгрия ўртасидаги аллақачон таранг муносабатларни янада кескинлаштирди.
ЕИ иқтисодиёти учун асосий хавф — беқарорлик

Европа Иттифоқи молия вазирлари Брюсселда йиғилиб, Эрон уруши ортидан юзага келган иқтисодий оқибатларни муҳокама қилди. Эстония молия вазири Юрген Лигининг таъкидлашича, асосий муаммо нефть нархининг ўзи эмас, балки бозорлардаги ноаниқлик ва беқарорликдир. Нефть нархи қисқа вақт ичида баррели 120 долларгача кўтарилиб, кейин яна пасайди, бу эса глобал бозорларда катта тебранишлар келтириб чиқарди. Шунга қарамай, Лиги ЕИ бу босимга бардош бера олишини билдирди.
Вазир шу билан бирга, Европа давлатларини Украина масаласини унутмасликка чақирди. У Венгрия ва Словакиянинг Киевга ажратиладиган 90 млрд еврога яқин молиявий ёрдамнинг блокланишини кескин танқид қилди. Лиги фикрича, Россия таҳдиди Европа учун асосий хавф бўлиб қолмоқда ва Украинага ёрдамни тўхтатиш “жуда ёмон қарор” ҳисобланади. У шунингдек, ЕИ музлатилган 210 млрд евро активлардан Украинага ёрдам бериш учун фойдаланишни кўриб чиқиши кераклигини айтди.
АҚШ Ҳурмузда 16 та Эрон кемасини йўқ қилди

Қўшма Штатлар ҳарбийлари Ҳурмуз бўғозида миналар ўрнатишга мўлжалланган 16 та Эрон кемасини йўқ қилганини маълум қилди. Бу ҳужум Теҳрон нефть экспортини тўсиб қўйиш ва “душманларга бир литр ҳам нефть ўтказмаслик” билан таҳдид қилганидан кейин амалга оширилди. Оқ уй раҳбари Трамп бу операцияни “олдиндан кўрилган чора” деб атаб, Вашингтон глобал энергия бозори ва халқаро кемачилик хавфсизлиги таҳдидларига жавоб беришини билдирди.
Урушнинг 11-кунида ҳужумлар янада кучайди: Эрон Исроил ва Форс кўрфази давлатларига ракеталар ва дронлар билан жавоб берди, Саудия Арабистони, Қатар, БАА ва Кувайтда ҳам ҳужумлар қайд этилди. Шу билан бирга, Исроил Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” позицияларига зарбаларни давом эттирмоқда. БМТ маълумотларига кўра, сўнгги икки ҳафтада Ливанда камида 667 минг киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган, низо эса ҳали ҳам кескинлашишда давом этмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА