Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот глобал дунёда тезкор хабардорлик гаровидир. Бинобарин, ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда ифодалашга ҳаракат қилади.
Европарламент миллатчи талаба хотирасига сукут сақлашни рад этди
Европа парламенти Францияда ҳалок бўлган миллатчи талаба Квентин Деранк хотирасига бир дақиқа сукут сақлашга рози бўлмади. Ўнг қанот “Patriots for Europe” гуруҳи киритган бу таклиф парламент президенти Роберта Метсола бошчилигида Россия – Украина урушининг тўрт йиллигига бағишлаб ўтказилган ҳафталик фавқулодда сессияда қабул қилинмади. Манбалар айтишича, ноиблар кун тартиби мавзусидан четга чиқишни хоҳлашмаган.
23 ёшли Деранк Лионда ўнг ва сўл фаол лар тўқнашувида оғир жароҳат олиб, вафот этган. Бу ҳодиса сайлов арафасидаги сиёсий баҳсни кучайтирди. Прокуратура етти кишига нисбатан қотиллик айбловини қўйган. Европарламент эса масалани келаси ой Страсбургда ўтадиган навбатдаги ялпи мажлисда яна кўриб чиқиши мумкин.
Британиянинг собиқ элчиси ҳибсга олинди
Буюк Британиянинг АҚШдаги собиқ элчиси Питер Мандельсон Лондонда “давлат лавозимидаги суистеъмол” гумони билан ҳибсга олинди. Ушбу қарор жиноятчи молиячи Жеффри Эпштейн билан эҳтимолий алоқа ҳақидаги янги маълумотдан сўнг қабул қилинган. Полиция баёнотига кўра, 72 ёшли сиёсатчи сўроқ учун олиб кетилган ва кейин гаров эвазига қўйиб юборилган.
АҚШ Адлия вазирлиги эълон қилган электрон мактублар Мандельсон ва Эпштейн ўртасида аввалги маълум ахборотлардан кўра яқинроқ муносабат бўлганини кўрсатган. Собиқ элчи алоқаларидан “чуқур афсусланиши”ни билдирган. Сўнгги тергов бўйича ҳали изоҳ берилмаган. Ҳибс айбдорликни англатмайди, тергов давом этмоқда.
АҚШ элчиси Франция ҳукумати билан учрашувдан четлатилди
Франция АҚШнинг Париждаги элчиси Чарльз Кушнерни ҳукумат аъзолари билан тўғридан-тўғри мулоқот ҳуқуқидан маҳрум қилди. У Ташқи ишлар вазирлигига чақирилганига қарамай, учрашувга келмаганидан сўнг айни қарор қабул қилинган. Дипломат ўнг қанот фаоли Квентин Деранкнинг ўлими юзасидан элчихона баёноти билан боғлиқ ҳолда тушунтириш беришга чақирилган эди.
АҚШ томони ижтимоий тармоқ орқали “радикал сўл қанот кучаймоқда” мазмунида баёнот бергани Парижда норозилик уйғотди. Расмийлар бу ҳодисани ички сиёсий масала, деб ҳисоблаб, ташқи аралашув номаъқуллигини билдирган. Манбалар айтишича Кушнер иккинчи бор вазирлик чақирувига жавоб бермаган.
Ким Чен Ин беш йиллик иқтисодий дастурни эълон қилди
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳукмрон Меҳнат партияси IX қурултойида келаси беш йилни “тўлиқ тараққиёт босқичи” деб атаб, иқтисодиёт сифатини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш ваъдасини берди. KCNA хабарига кўра, қурултойда саноат, қишлоқ хўжалиги, ҳарбий ва ташқи сиёсат соҳалари бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинмоқда. Етакчи масъулиятсизлик ва қисқа муддатли манфаат ортидан қувишга қарши курашилишини ҳам таъкидлаган.
Қурултойда Иннинг синглиси Ким Ё Чжон партия бўлими директори этиб тайинланди ва Сиёсий бюронинг захира аъзолигига қайта тикланди. Таҳлилчилар мазкур қарор Пхеньяннинг ташқи сиёсатдаги йўналишларига таъсир кўрсатиши мумкинлигини тахмин этган. Ҳозирча анжуманда АҚШ ёки Жанубий Кореяга оид янги баёнотлар берилмади: эътибор асосан ички иқтисодий масалаларга қаратилган.
“Эл Менчо”нинг ўлими Мексикани ларзага солди
Мексика хавфсизлик кучлари Жалиско штатидаги махсус амалиёт чоғи маҳаллий Янги авлод картели раҳбари Немесио Осегера – “Эл Менчо”ни йўқ қилди. Расмийлар фикрича, унинг яширинган жойи ҳақидаги маълумот шахсий алоқалари орқали олинган. Рейд пайти ва кейинги тўқнашувда 62 киши, жумладан миллий гвардия аъзолари ҳам ҳалок бўлган. Гуруҳ тарафдорлари 14 штатда йўлларни ёпиб, автомобилларни ёққан.
Ҳукумат воқеани уюшган жиноятчиликка қарши курашдаги йирик ғалаба, деб баҳоламоқда. Таҳлилчилар эса зўравонлик янги босқичга кўчишидан хавотирда. Юзага келган вазият туризм ва ҳаво қатновига таъсир қилди, айрим рейслар бекор қилинди. АҚШ разведкаси амалиётда ахборот алмашган, Мексика расмийлари эса опреацияни ўзлари бошқарганини таъкидламоқда.
Иқлим сиёсати – энг арзон суғурта
Вена Иқтисодиёт ва бизнес университети тадқиқотида иқлим сиёсати ихтиёрий харажат эмас, балки жамоавий хавфни тақсимлаш механизми ҳисобланиши таъкидланган. 1980-2021 йиллар фавқулодда об-ҳаво ЕИга 560 миллиард евродан ортиқ зарар етказган. Бу миқдорнинг атиги 25-33 фоизи суғурта билан қопланган. Олимлар огоҳлантиришича, 2050 йилга бориб умумий йўқотиш 5 триллион евродан ошиб, 3°C исиш шароитида ялпи ички маҳсулот тахминан 10 фоиз қисқариши мумкин.
Ялпи ички маҳсулотнинг 1-2 фоизи иқлимга мослашув ва зарарни камайтириш чораларига сарфланса, 11-27 фоизлик йўқотишнинг олди олинади.
Муаллифлар кечиккан чора ҳар йили юз миллиардлаб евро қўшимча зарар келтиришини таъкидламоқда. ЕИ давлатлари иқлимга тайёргарликни кучайтиришга чақирилмоқда. Зеро, иқлим билан боғлиқ муаммо туфайли ҳар йили 80 минггача инсон ҳаётдан эрта кетяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА