БМТ ХК йиғилади
БМТ Хавфсизлик Кенгаши 29 апрель куни Украина инқирози бўйича йиғилиш ўтказади, деб хабар тарқатди Россиянинг ташкилотдаги доимий ваколатхонаси.
Учрашув сешанба куни Нью-Йорк вақти билан соат 16:00 да бўлиб ўтади.
РФ миссияси таъкидлаганидек, тадбир Ғарб давлатлари илтимосига биноан ташкил этиляпти.
Биткоин 95 000 доллардан ошди
Биткоин нархи жума куни 2,5 фоиз ўсиб, февраль ойи охиридан бери биринчи марта 95 000 доллардан ошди. Савдо ҳажми энг йирик криптовалюта биржаси – “Binance”да бу қиймат 95 146,38 долларни ташкил қилди.
20 дан ортиқ биржа бўйича ўртача нархни таҳлил қиладиган “CoinMarketCap“ маълумот шундай.
Трамп: иккинчи муддатнинг дастлабки 100 куни жуда муваффақиятли ўтди
АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйдаги иккинчи муддатининг дастлабки 100 куни ниҳоятда муваффақиятли кечди, деб ҳисоблашини таъкидлади.
– Одамлар бу энг яхши биринчи ой, энг яхши иккинчи ой ва ҳақиқатан энг яхши учинчи ой бўлганини ёзишди, – деган у “Time” журналига берган интервьюсида. – Тўғри, дарҳол аниқ хулоса чиқариб бўлмайди, чунки ўтиш даври бироз вақт талаб этади.
Шойгу: қуролланиш пойгаси янги босқичга кирди
Дунё қуролланиш пойгасининг янги технологик босқичига яқинлашди, деди Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу.
– Қурол пойгаси – кўриниб турибдики, бу ҳеч қачон тўхтамаган, фақат сифати ўзгарган, – деди у РФ ХК илмий-эксперт кенгаши йиғилишида. – Аввал оддий, кейин ядро қуроли пайдо бўлди. Сўнгра шу аслаҳани етказиб бериш учун ташувчи қурилмага эҳтиёж уйғонди. Натижада стратегик ракета кучлари яратилди, денгиз орқали етказиб берувчи воситалар пайдо бўлди ва ҳоказо. Ҳозир навбатдаги босқич – янги қурол турлари ишлаб чиқиляпти.
Нобель мукофоти совриндорлари
Путин ва Трампни қуролсизланишга чақирмоқда
Тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган уч ташкилот Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ва Дональд Трампга мактуб йўллаб, ядровий қуролсизланиш бўйича чора-тадбирларни келишиш учун учрашув ўтказишга чақирди, дейилган Ядро қуролларини бекор қилиш бўйича халқаро кампания (ICAN) матбуот хабарномасида.
– Бугун дунё энг хавфли ядро таҳдидига дуч келмоқда, – дейилган хатда. – Қурол захирасини кенгайтириш бизни хатардан ҳимоя қилмайди, фақат фалокат хавфини оширади.
Нома “Nihon Hidankyo”, ICAN ва Ядро урушининг олдини олиш бўйича халқаро шифокорлар томонидан имзоланган. Ҳамкорлар фикрича, ер юзидаги ядро қуролларининг 90 фоизи эгаси – АҚШ ва Россия глобал арсенални қисқартиришда ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин.
Орбан: Венгрия ЕИдан чиқиш ниятида эмас
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан айтишича, мамлакат Европа Иттифоқидан чиқиш ниятида эмас, балки уни ўзгартиришга ҳаракат қилади.
– Венгрия ва Польша бир пайтлар “Европа ватанпарварлари” партияси билан бирга ЕИга қўшилган эди, – деб ёзган Орбан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Энди биз қайта тиклаш учун мазкур тузилмани ўзгартириш ниятидамиз. Ўша даврда Брюссель бюрократлари ўзларига эмас, халққа хизмат қилган, аъзо давлатлар ички сиёсий мунозараларига аралашмаган.
ЕИ Украинага хорижий кучларни жойлаштириш талабини қўймоқда
Украинани тартибга солиш бўйича қарши таклифда Европа Иттифоқи мамлакат ҳудудига хорижий кучларни жойлаштириш, қуроллантириш ва амалиётни йўлга қўйишда ҳеч қандай чеклов бўлмаслигини талаб қилмоқда, деб ёзди “Reuters” қўлга киритилган ҳужжатга таяниб.
Таиланд полицияси самолёти денгизга қулади
Таиланд миллий полицияси ҳаво бўлинмасига қарашли енгил самолёт Бангкокдан 160 километр жанубда жойлашган Ча-Ам курорт шаҳарчаси яқинида денгизга қулади, дея хабар тарқатди “Thai PBS” телеканали.
Қутқарувчилар сўзига кўра, воқеа жойида 5 киши ҳалок бўлган, бир одам жиддий жароҳатланган.
Учоқ тезкор мақсадда – ходимлар, юк, парашютчилар, жумладан полиция парашют мактаби тингловчиларини ташишда фойдаланилган.
С.Раҳимов, ЎзА