Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
ЖССТ: Метапневмовирус фавқулодда вазият хавфини туғдирмайди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) инсон метапневмовируси (ИМПВ) тарқалишида глобал фавқулодда вазият хавфини кўрмаяпти, чунки бу ҳолат ҳаммага маълум ва мавсумий, деди Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто тузилма директори Тедрос Адханом Гебрейесус билан телефон орқали суҳбатдан сўнг.

Аввалроқ ОАВ Хитойда одам метапневмовируси эпидемияси қайд этилгани шифокорларни хавотирга солаётгани ҳақида ёзган эди.
Мазкур вирус кишида бурун оқиши, йўтал, иситма, нафас олиш қийинлашуви ва нафас йўли билан боғлиқ касалликларга хос бошқа аломатлар билан намоён бўлиши мумкин.
Трамп Гренландия билан боғлиқ кучлар сценарийсини кўриб чиқишга тайёр

АҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трамп Гренландия бўйича барча чоралар, жумладан куч ишлатиш эҳтимолини ҳам кўриб чиқишга тайёр, деди унинг бўлажак миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолз АБC телеканали орқали.
“Президент Трамп ҳар доим барча вариантларни очиқ қолдиради, бироқ мавжуд келишувларни ўзгартиришнинг турли йўллари ҳам бор”, деган Уолц.
2019 йил ҳам янграган оролни сотиш таклифи жиддий мунозарага сабаб бўлиб, Вашингтон ва Копенгаген муносабатини анчайин кескинлаштирганди.
Нобель мукофоти совриндори Афғонистон ҳукуматини танқид қилди

– Афғонистон муваққат ҳукумати афғон қизларини қонуний таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилди, – деди покистонлик ҳуқуқ фаоли, 2014 йил тинчлик бўйича Нобель мукофотини қўлга киритган Малала Юсуфзай “Ислом жамиятларида аёллар таълими: муаммо ва имкониятлар мавзусида Исломободда бўлиб ўган халқаро анжуманда. – Агар биз афғон қизлари учун таълим ҳақида гапирмасак, бу конференция ўз мақсадига эриша олмайди, чунки Афғонистон қизлар олтинчи синфдан кейин ҳам таълим олиши тўлиқ тақиқланган дунёдаги ягона давлат.
Унинг сўзларини “Tolo news” портали келтирган.
Юсуфзай дунёда ҳуқуқ фаоллари орасида муносиб обрўга эга. Муросасиз фаолияти учун у 2012 йил террорчи жангарилар ҳужумига учраб, оғир яраланган.
Нидерландияда уч марта портлаш содир бўлди

Нидерландиянинг Роттердам шаҳрида якшанбага ўтар кечаси уч марта портлаш эшитилди, деб хабар тарқатди ANP ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига таяниб.
– Якшанба куни эрта тонг бир соат ичида Роттердамнинг учта турли ҳудудидаги турар-жой биноларида портлаш содир бўлди, – деб ёзган агентлик. – Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ, биноларга зарар етган.
Қайд этилишича, дастлабки ҳодиса соат 01:30 атрофида кузатилган. Расмийлар тергов олиб бормоқда. Ҳозирча фожиага алоқадор сифатида ҳеч ким ҳибсга олингани йўқ.
Туркия Суриядаги янги маъмуриятнинг салоҳиятини оширишга чақирди

Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Ар-Риёддаги йиғилишда Суриядаги янги маъмуриятнинг ИШИДга қарши курашиш салоҳиятини кучайтиришга чақирди, деб ёзди “РИА Новости” Анқарадаги дипломатик манбага таяниб.
Якшанба куни Ар-Риёдда бир неча араб давлатлари ва Туркия ТИВ раҳбарларининг Суриядаги вазият бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.
Туркия вакили “Сурия келажаги бўйича саъй-ҳаракатни янада самаралироқ қилиш” учун мувофиқлаштириш механизми ёки қўмиталар яратишни таклиф қилди”, — дейилган манба берган маълумотда.
Хитой – АҚШ савдо айланмаси ўсди

Хитой Халқ Республикаси божхона бош бошқармаси душанба куни эълон қилган маълумотга кўра, мамлакатнинг АҚШ билан савдо айланмаси аввалги йилга нисбатан 3,7 фоиз ошиб, 688,28 миллиард долларни ташкил этган.
Қўшма Штатлар Хитойнинг АСЕАН ва Европа Иттифоқи минтақаларидан кейинги учинчи йирик савдо шериги бўлиб қолмоқда.
Ўтган йил АҚШга экспорт 4,9 фоиз ортиб, 524,656 миллиард долларга етганди. Америка эса ХХРга 2023 йилга нисбатан 0,1 фоизга кам – 163,624 миллиард долларлик маҳсулот жўнатган.
2023 йил якунида бу икки қудратли давлат ўртасидаги товар айланмаси аввалги йилга нисбатан 11,6 фоиз қисқариб, 664,45 миллиард долларга тушганди.
Бразилия Президентига суиқасд қилинадими?

Бразилия полицияси мамлакат Президенти Луис Инасиу Лула да Сильвага суиқасд уюштиришда гумон қилинаётган шахсни тергов қилмоқда, деб хабар тарқатди “Terra” ахборот портали.
Мақолада айтилишича, ҳужум январь ойи охирига режалаштирилган.
– Маълумотга кўра, портловчи моддалар, гранаталар ва йирик калибрли милтиқ каби оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда Президент ва Олий суд судьяси Александр де Мораесга ҳужум қилиш режалаштирилган, – деб ёзади нашр.
Терговчилар тушунтиришича, бундай турдаги ҳар қандай таҳдид асосга эга ҳисобланади. Ҳозир суиқасдни уюштирувчилар, иштирокчилар ва эҳтимолий ҳужум учун фойдаланилган воситаларни аниқлаш бўйича иш олиб борилмоқда.
Хорватияда амалдаги Президент ғалаба қозонди

Хорватиянинг амалдаги Президенти Зоран Миланович рақиби Драган Приморакдан уч баробар кўп овоз тўплаган ҳолда, сайловда ғалаба қозонди, дея маълумот берди Давлат сайлов комиссияси.
Овоз бериш якшанба куни бўлиб ўтган. Барча сайлов участкаларидан тўпланган маълумотга кўра, Миланович 1 122 859 овоз йиққан, ҳукмрон Хорватия демократик иттифоқи партияси вакили Приморакни эса 380 752 фуқаро қўллаган. Сиёсий тадбирда сайловчиларнинг 44,18 фоизи иштирок этган.
Байденнинг маслаҳатчиси Украина келишувини баҳолайди

Россия – Украина зиддиятига чек қўйиш бўйича келишув ҳудудий қарорларни Киевга қолдириши ва жанговар ҳаракат қайта бошланишига йўл қўймаслик учун хавфсизлик кафолатини тақдим этиши керак, деди АҚШ Президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.
– Яхши келишув Украина ҳудуди, халқи ва эркинлиги тўғрисида ўзи қарор қабул қилишини назарда тутади, – деди маъмурият расмийси CНН телеканалига. – Бу қарор бошқалар, жумладан Қўшма Штатларга ҳам айтилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, мулозим жанг тугагач, бир неча ой ичида “Россия амалиётни шунчаки тўхтаган жойидан давом эттиришга қарор қилса”, уруш қайта бошланмаслиги кераклигини ҳам таъкидлади.
– Бунга эришиш учун, – дейди у, – Ғарб Украинага муайян хавфсизлик кафолатини бериши керак.
С.Раҳимов,
ЎзА