Польша разведка микро сунъий йўлдошлар сотиб олди
Польша армияси 135 миллион долларга тўртта разведка микро сунъий йўлдош сотиб олди. Ушбу қурилмалар 2025-2026 йилларда орбитага чиқариши режалаштирилган.
Мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбари Владислав Косиняк-Камиш маълумот беришича, йўлдошларнинг биринчиси келаси йил, қолганлари 2026 йил ер орбитасига кўтарилади.
Ҳозиргача Польшада ҳарбий сунъий йўлдош йўқ эди. 2022 йил декабрь ойида Варшава Франциядан хариб қилган иккита кузатувчи сунъий йўлдош ҳам 2027 йилгача учирилади.
АҚШ Украинага сўнгги ёрдам пакетини ажратади
“Reuters” ёзишича, АҚШ яқин кунларда Украинага 1,2 миллиард долларлик сўнгги ёрдам пакетини эълон қилади. Президент Жо Байден кўрсатмаси билан амалга оширилаётган бу галги кўмак замбарак учун ўқ-дори ва зенит-ракеталардан иборат.
Шунингдек, Оқ уй раҳбари қурол-яроқ ва ҳарбий техника захирасидан Тайванга президент ваколати остида 571 миллион доллар ажратилганини ҳам билдирди.
Икки фуқаролиги учун уч нафар россиялик Қозоғистондан чиқариб юборилди
Икки давлат фуқаролигига эга бўлгани учун уч нафар россиялик жаримага тортилди ва Қозоғистондан чиқариб юборилди. Бу ҳақда республика ИИВ матбуот хизмати маълум қилган.
Энди улар беш йил мобайнида Қозоғистон ҳудудига киритилмайди.
Испания қирувчи самолётлар харид қилади
Испания ҳукумати “Airbus” компанияси билан 25 та янги қирувчи самолёт сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолади, дейилган қироллик Мудофаа вазирлиги тарқатган матбуот хабарномасида. Шу тариқа мамлакатнинг “Eurofighter” паркидаги учоқлар сони 115 тага етади. Жанговар темир қанотли қурилмалар 2026-2030 йиллар давомида етказиб берилади.
Украина 1 январдан Россия газини ўтказмайди
Украина 2025 йил 1 январь куни Москва вақти билан соат 8:00 да Россиядан Европага ўтаётган газ транзитини тўхтатади, деди жума куни мамлакат Бош вазир Денис Шмигал. Энергетика вазири Герман Галушченко 12 декабрь куни Берлинда бўлиб ўтган Германия – Украина бизнес форуми чоғида шундай қарорга келинганини айтган эди.
“РБК-Украина” агентлиги хабарида ҳукумат раҳбарининг қуйидаги сўзлари иқтибос сифатида келтирилган:
– Биламизки, газ транзити бўйича келишув йил охирида тугайди. Янги йилнинг биринчи куни эрталаб соат 7:00 да – Москва вақти билан 8:00 да келишув муддати якунлангани сабабли оқим тўсилади.
АҚШда йилнинг сўнгги ўлим ҳукми ижро этилди
Пайшанба куни эрталаб Оклахома штатида АҚШнинг 2024 йилдаги охирги қатл жазоси амалга оширилди.
“NBC News” телеканали хабарида айтилишича, бу гал 2006 йил 10 ёшли қизни ўлдиришда айбланган озиқ-овқат дўкони собиқ ходимина нисбатан ўқилган ҳукм ижро этилди.
45 ёшли эркак ўзи туғилган кунда инсон ҳаётига нуқта қўядиган инъекция ёрдамида нариги дунёга равона қилинган. Оклахоманинг авф этиш ва шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш кенгаши аввалроқ жиноятчининг кечирим сўровини рад этган эди.
Украина Туркияга элчи тайинлади
Украина Президенти Владимир Зеленский Қрим-татар халқи мажлиси раиси ўринбосари Наримон Жалолни Туркияга элчи этиб тайинлади. Бу ҳақда мамлакат етакчиси ижтимоий тармоқ орқали эълон қилган мурожаатида гапирди. 2021 йил 4 сентябрь куни Россия томонидан Симферополь яқинидаги Перевальное газ қувурининг бир қисмини портлатганликда айбланиб, ҳибсга олиниб, 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Жалол шу йил июнда маҳбуслар алмашинуви натижасида озод этилган.
АҚШ Ал-Жўлоний ҳақидаги маълумот учун мукофотни бекор қилди
АҚШ Давлат департаменти вакиллари Дамашқда “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” (ҲТС) етакчиси Абу Муҳаммад Ал-Жўлоний билан учрашди. Давлат котибининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси Барбара Леаф айтишича, музокара чоғида Жўлонийнинг қаердалиги ҳақидаги маълумот учун ваъда қилинган 10 миллион доллар мукофот бекор қилинган.
Таъкидланишича, учрашув ижобий муҳитда ўтиб, Суриядаги сиёсий ўтиш тамойиллари, шунингдек минтақада террор таҳдиди кучайишининг олдини олиш чоралари муҳокама қилинган. Леаф қўшимча қилишича, Ал-Жўлоний илгари сурилган шартларни бажаришга тайёрлигини билдирган.
С.Раҳимов,ЎзА