-
АҚШнинг “Гарри Трумен” авиаташувчи кемаси Яқин Шарққа етиб келди
-“Гарри Труман” авиаташувчи кемаси бошчилигидаги АҚШ зарбдор гуруҳи Яқин Шарқ минтақасига етиб келди, -деб хабар бермоқда Қўшма Штатлар Марказий қўмондонлиги (CЕНТCОМ) ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида.
Маълумот учун: сентябрь ойи охирида АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари “Гарри Труман” авиаташувчи гуруҳи Яқин Шарққа сузиб кетганини эълон қилганди.
Мисрда Яқин Шарқдаги энг йирик қуёш электр станцияси очилди
Яқинда Миср ҳукумати жанубий Асван вилоятида Яқин Шарқ ва Африка минтақасидаги энг йирик қуёш электр станциясини ишга туширганини эълон қилди.
— Станция Ком Омбо чўлида бунёд этилди, -дейилади Миср Вазирлар Маҳкамаси баёнотида.
БААнинг “АМЕА Power” компанияси иштирокида қурилган қуёш электр станциясининг қуввати 500 мегаваттни ташкил этади. Лойиҳага қарийб 500 миллион долларлик сармоя киритилган.
– Миср ҳукумати 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 42 фоизга оширишни режалаштирмоқда, -дейилади хабарда.
Грузиядаги ресторанлардан бирида 12 кишининг жасади топилди
- Гудаури шаҳрининг тоғ-чанғи курортидаги ҳинд ресторанида 12 кишининг жасади топилди, дейилади Грузия Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.
– Бир қарашда жасадларда зўравонлик аломатлари йўқ. Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, хона яқинидаги ёпиқ майдонда генератор ўрнатилган бўлиб, эҳтимол, электр таъминоти узилгандан кейин у ишга туширилган бўлиши мумкин, -дейилади баёнотда.
Ҳалок бўлганлар ресторан ходимлари эканлиги тахмин қилинмоқда. Ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Кремль Суриядаги Россия базалари ҳақидаги саволга жавоб берди
РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари бўйича якуний қарорлар йўқлигини айтди.
– Ҳозир бу масала бўйича якуний қарорлар йўқ, биз мамлакатдаги вазиятни назорат қилаётган кучлар вакиллари билан алоқадамиз ва буларнинг барчаси мулоқот давомида ҳал бўлади, — деди Песков.
Туркиядан Сурияга 1800 дан ортиқ қочқин қайтди
Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя 8 декабрдан буён Туркиядан ўз ватанига қайтган суриялик қочқинлар сони 1847 нафарга етганини маълум қилди.
– Ҳозирда мамлакатимизда 3 миллионга яқин суриялик бор, -деган у журналистларга.
Ироил ва ХАМАС Ғазо бўйича музокараларда муваффақиятга эришди
-Исроил ва ХАМАС ҳаракати Ғазо секторидаги инқирозни ҳал қилиш бўйича музокараларда муваффақиятга эришди, бироқ келишувнинг дастлабки босқичи доирасида озод этилиши керак бўлган исроиллик гаровга олинганлар сони ҳалигача келишилгани йўқ, -деб ёзди “Ynet” ахборот портали.
Қайд этилишича, Исроил келишув доирасида кўпроқ гаровга олинганларни озод қилишни талаб қилмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА