Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Пентагон гипертовушли ракета синовини муваффақиятли амалга оширди.
– Яқинда Флоридадаги Канаверал соҳилида конвенциональ гипертовушли ракета синов парвози муваффақиятли амалга оширилди, -дейилади АҚШ мудофаа вазирлиги тарқатган хабарда.

Таъкидланишича, мазкур парвоз ушбу турдаги қуролнинг жорий йилдаги иккинчи муваффақиятли синови ҳисобланади.
Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг йўқ қилиниши Исроилнинг Эронга зарба беришга имконини оширади

Исроил армиясига қарашли “Галей ЦАХАЛ” радиоси шу ҳақда хабар тарқатди.
– Ҳаво кучлари Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг қарийб 86 фоизини йўқ қилди, Исроил томонининг фикрича, бу Эрон ядровий объектларига ҳужум қилиш имкониятини яратади”, — дейилади хабарда.
НАТО Бош котиби: Альянс дунёда кескинликни оширмаяпти

НАТО Бош котиби Марк Рютте Брюсселда бўлиб ўтган конференцияда журналистларга альянснинг кенгайиши дунёда кескинликни кучайтирмоқда, деган фикрга қарши эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Альянс мудофавий тузулма ҳисобланади.
– Мен бунга қўшилмайман, чунки, биринчи навбатда, биз мудофаа иттифоқимиз, -деди НАТО Бош котиби.
АҚШ Киевга 500 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам ажратди

– Янги ёрдам пакети замбараклар учун снарядлар ҳамда биологик, кимёвий ва ядровий таҳдидлардан ҳимояланиш техникаларидан иборат бўлади, -деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.
Баёнотда таъкидланишича, 500 миллион долларлик қўшимча қурол-яроғ ёрдами Пентагон омборларидан ажратилади.
Хитой мудофаа вазирлиги: Тайваннинг ташқи кучларга таянишга уринишлари натижа бермайди

– Тайваннинг мустақилликка интилишида ташқи кучларга таянишга бўлган ҳар қандай уринишлари қаттиқ жазоланади ва албатта муваффақиятсизликка учрайди, -деди жума куни Хитой Мудофаа вазирлиги расмий вакили Ву Тсян.
– Халқ озодлик армиясининг муқаддас бурчи - миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни, Хитой халқининг асосий манфаатларини ва Тайван бўғозининг ҳар икки томонидаги ватандошларнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилишдир, -дейилади вазирлик сайтида эълон қилинган баёнотда.
АҚШ Грузия фуқароларига қарши янги санкциялар киритди

АҚШ Давлат департаменти 20 нафар Грузия фуқаросига виза чекловлари жорий этилганини эълон қилди. Санкцияларга юқори мартабали амалдорлар, депутатлар, ҳуқуқ-тартибот ва разведка идоралари ходимлари, шунингдек, хусусий шахслар киритилган. Улар “демократик меъёрларни” бузганликда айбланмоқда.
Зеленский: Россия Украинанинг энергетика инфратузилмасига энг катта зарбалардан бирини берди

Украина президенти Владимир Зеленский яқинда Россия Федерацияси 93 та қанотли ва баллистик ракеталар билан мамлакатнинг энергетика объектларига жиддий зарба берганини айтмоқда.
– 81 таси уриб туширилди, улардан 11 таси Ф-16 қирувчи самолётлари ёрдамида, -деди Украина раҳбари.
Ўз навбатида, АҚШнинг Киевдаги элчиси ҳужумлар мақсади нафақат энергетика тизими, балки бутун Украина бўйлаб транспорт тармоқлари ва “асосий объектлар” бўлганини айтди.
Суриянинг янги ҳукумати Асад режими даврида қамалган америкаликларни қидиришда АҚШ билан ҳамкорлик қилади

Аввалроқ, бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган АҚШ фуқароси Тревис Тиммерман Асад қамоқхоналари биридан озод қилинган эди. Америка томонининг таъкидлашича, у Ливан ва Сурия чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, 7 ойни Сурия қамоқхонасида ўтказган. Яна бир америкалик журналист Остин Тис 2012 йилда Сурияда ғойиб бўлган. АҚШ расмийлари у ҳақдаги маълумот учун 10 миллион доллар тўлашга тайёр.
Жанубий Корея раҳбарининг рейтинги рекорд даражада тушиб кетди

– Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилишга уринишидан сўнг унинг рейтинги рекорд даражада тушиб кетди ва фуқароларнинг 75 фоизи президентнинг импичментини қўллаб-қувватламоқда, -деб хабар тарқатди “Yonhap” ахборот агентлиги.
С.Раҳимов тайёрлади, ЎзА