Жанубий Корея полицияси президент идорасида тинтув ўтказишни бошлади
Жанубий Корея полицияси президент Юн Сок Ёль идораси ва ҳуқуқий бошқармаларда тинтув ўтказишни бошлади, деб хабар тарқатди “Yonhap” ахборот агентлиги.
Мамлакатда 3-4 декабрь кунлари жорий қилинган ҳарбий ҳолатни текшириш бўйича Махсус тергов гуруҳи тарқатган баёнотда президент идораси, Миллий полиция агентлиги, Сеул шаҳри полиция бошқармаси ва парламентни қўриқлаш бўлинмасида тинтув ўтказишга киришилгани маълум қилинган. Тинтув натижалари ҳозирча ошкор этилмади.
Трамп маъмуриятига яна бир миллиардер таклиф қилинди
АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида тадбиркор Томас Барракни Қўшма штатларнинг Туркиядаги элчиси лавозимига таклиф қилганини ёзди. Шундай қилиб, миллиардер Трамп билан бирга янги маъмуриятда ишлайдиган миллиардерлар сони ўн нафарга етди.
Трампнинг таъкидлашича, Баррак ўттиз йил давомида хусусий инвестиция компаниясини муваффақиятли бошқарган.
ГФР канцлерига номзод Украинага “Taurus” ракетасини етказиб бериш бўйича баёнот берди
ГФР канцлери лавозимига номзод ва “Христиан-демократик иттифоқи” етакчиси Фридрих Мерцнинг баёнот беришича, агар у сайловда ғалабага эришса, АҚШ билан ҳамкорликда Украинага узоқ масофали ракеталарни етказиб беришга қарор қилади.
Сиёсатчи “Bild” газетасига берган интервьюсида “Мен Еропа ва Америка билан биргаликда украинларга узоқ масофали ракеталарни етказиб бериш тарафдориман”, деб айтган.
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кучайтиришда давом этади
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кучайтириш учун қатъий чораларни кўришда давом этади, деб баёнот берди Қўшма Штатлар молия вазири Жанет Йеллен.
Унинг таъкидлашича, РФга қарши санкциялар қаторида Украинага 20 миллиард доллар қарз берилиши Киев позициясини янада мустаҳкамлайди.
Шольц ва Эрдоған: Асаднинг кетиши жуда яхши воқеа бўлди
ГФР канцлери Олаф Шольц ва Туркия президенти Режеп Тоййиб Эрдоған сешанба куни телефон орқали суҳбатлашиб, Суриянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлашди, деб хабар тарқатди Германия ҳукумати матбуот хизмати.
Суҳбат чоғида лидерлар Сурия президенти Башар Асаднинг ўз лавозимини тарк этганини жуда яхши воқеа, деб аташган.
G7 етакчилари Украина ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилади
Келаётган жума куни “Катта еттилик” (G7)етакчилари видеоучрашув ўтказади, унда АҚШ президенти Жо Байден ҳам иштирок этади, деб баёнот берди Оқ уйнинг стратегик алоқалар бўйича масъул вакили Жон Кирби.
Учрашув кун тартибига Сурия ва Украина масаласи киритилган.
Кирбининг айтишича, G7 етакчилари учрашувида бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади, бироқ улар ҳақида Америка маъмурияти кейинроқ маълумот беради.
ЖССТ COVID-19 пандемиясида қанча одам қурбон бўлганига аниқлик киритди
COVID-19 пандемияси туфайли дунё бўйича етти миллиондан ортиқ ўлим рўйхатга олинган, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус ўз брифингида.
– ЖССТ дунё бўйича жами етти миллиондан ортиқ ўлим ҳақида маълум қилган, бироқ биз ҳақиқий рақам уч баробар кўп деб ҳисоблаймиз, -деди у.
С.Раҳимов тайёрлади.
ЎзА