Блинкен: Украина барибир НАТОга аъзо бўлади
НАТО мамлакатлари Украина НАТОга қўшилиши аниқлигини маълум қилди. – Мамлакат Альянсга қўшилиш йўлида турибди, – дея баёнот берди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.
– НАТО мамлакатлари учрашиб, Украинанинг Альянсга аъзо бўлишини аниқ таъкидлашди, бу тўхтатиб бўлмайдиган жараён, – деди у Киевга ташрифи чоғида журналистлар учун уюштирилган матбуот анжуманида. – Энди Украина шу йўлда давом этади. Шу билан бирга, Украинанинг НАТОга қўшилиши учун мамлакатлар зарур ислоҳотлар тўпламини қабул қилиши лозим.
Ливан жанубидан келган қочқинлар сони 140 минг кишига етди
Ливан муваққат ҳукумати Бош вазири Нажиб Микатий Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида мамлакат жанубидан кўчирилган фуқаролар сони 140 000 кишига етганини айтди. Маълум қилинишича, ҳозир тезкор хизмат ходимлари уларни жойлаштириш ва асосий эҳтиёжларни қондириш учун қўлдан келган барча чорани кўрмоқда.
Аввалроқ Ливан Ташқи ишлар вазирлиги Исроил томонидан ўққа тутилиши сабабли мамлакат жанубидаги 100 мингга яқин одам уйини тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида хабар тарқатган эди.
Исроил томони хабар беришича, мамлакат шимолидаги 80 мингга яқин аҳоли ҳам худди шундай вазиятга тушган.
Вьетнамда “Яги” тўфони қурбонлари 324 кишига етди
Вьетнамнинг VNA давлат ахборот агентлиги Мамлакат табиий офатларни бартараф этиш департаментига таяниб ёзишича, шимолда рўй берган сўнгги 30 йилдаги энг кучли тўфон сув тошқини ва кўчкига сабаб бўлган. Ҳалок бўлган ва йўқолганлар сони 324 кишига етди.
Айниқса энг кўп жабр кўрган Лао Кай музофотида 72 киши ҳаётдан кўз юмди, 111 кишининг тақдири номаълум.
Time журнали Трампнинг устидан кулмоқчими?
Америкада чиқадиган “Time” журнали президентликка номзодлар ўртасида бўлиб ўтган телебаҳсдан сўнг чоп этилган сони муқовасига гольф майдончасида қумга тиқилиб қолган машинада ўтирган Дональд Трампнинг суратини жойлаштирди. Ижтимоий тармоқ айни муносабатни шундай таърифлаган:
– Time журналининг янги сони муқаваси: Камала Харрис Дональд Трампни йўлдан чиқариб юборди!
Суратда Трамп ўтирган гольф араваси ўйин майдонига махсус тўкиб қўйилган қумга ботиб қолгани тасвирланган. Муқовада “Муаммода” ёзуви ҳам бор. Журнал 30 сентябрь куни сотувга чиқади.
Ҳиндистонда 15 киши номаълум касалликдан вафот этди
Ҳиндистон ғарбида номаълум касалликдан 15 киши ҳалок бўлди, деб ёзди “Hindustan Times” газетаси.
Гужарат штати Кутч туманидаги Лакхпат шаҳрида сирли иситмадан вафот этганлар сони саккиз кун ичида 15 кишига етди. Расмийлар ҳолат сабабини ҳали аниқлай олгани йўқ.
Нашр ёзишича, 3-10 сентябрь оралиғида камида ўн киши, жумладан болалар қурбон бўлган. Шундан сўнг яна камида беш кишининг ўлими тасдиқланган.
Кутч тумани ҳукумати матбуот котиби Амит Арора таҳлил ҳозирча H1N1 гриппи вируси, чўчқа гриппи, Қрим-Конго геморрой иситмаси, безгак ва денгге иситмаси эҳтимолини истисно қилганини айтди. Шунингдек, у номаълум иситма юқумли касаллик эмаслигини ҳам таъкидлаган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги
Шольцнинг “тинчлик режаси” бўйича баёнот берди
Германия раҳбарияти маълум қилган канцлер Олаф Шольцнинг Украина бўйича “тинчлик режаси” бизга расман етиб келмади, воситачилар орқали ҳам узатилмаган, деди Россия ТИВ расмиий вакили Мария Захарова.
– Буларнинг бари қандайдир атай сиздирилган миш-миш бўлиши мумкин, деди вакил журналистлар саволига жавоб берар экан. – Ҳеч қандай расмий тасдиқ йўқ. Шунинг учун моҳиятан, изоҳ берадиган ҳеч нарса йўқ.
Аввалроқ Италияда чиқадиган “Repubblica” газетаси Германия парламентига таяниб, канцлер Олаф Шольц Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш режасини тайёрлаётгани ҳақида ёзган эди.
Тайвань Украина Қуролли кучлари аскарлари таклиф қилинаётгани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади
Тайвань Мудофаа вазирлиги ҳарбий тажриба алмашиш учун Украинадан ҳарбий хизматчилар таклиф қилинаётгани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади, фақат украиналик олимлар билан ҳамкорлик қилинаётгани қайд этилди. Бу ахборотни орол марказий ахборот агентлиги – CНА тарқатган.
Таъкидланишича, Миллий мудофаа ва хавфсизлик институти Тайваннинг халқаро стандартга интеграциялашувини тездаштириш ва тажриба алмашиш мақсадида ҳар йили бошқа мамлакатлардан олимлар жалб қилади.
С.Раҳимов,
ЎзА