Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
Рада Украина ТИВ раҳбарини истеъфога чиқарди
Украина парламенти бугун мамлакат ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебани истеъфога чиқарди. Бу ҳақда Олий Рада депутати Ярослав Железняк ижтимоий тармоқ орқали ёзган.
Куни кеча Спикер Руслан Стефанчук Кулеба истеъфога чиқиш учун ариза берди, дея хабар тарқатган эди.
РБК-Украина агентлиги ёзишича, вазифасидан озод этилган сиёсатчи Брюсселга элчи этиб тайинланиши мумкин.
Хитойда “AstraZeneca” ходимлари ҳибсга олинди

Хитой полицияси Британияга қарашли “AstraZeneca” доришунослик компаниясининг беш нафар собиқ ва амалдаги ходимини қамоққа олди. Улар ноқонуний фаолияти учун тергов қилинади. Текширувнинг бир қисми беморлар ҳақида маълумот тўплаш билан боғлиқ.
“Блумберг” агентлиги қўлга олинганларнинг ҳаммаси Хитой фуқароси бўлиб, улар компаниянинг онкология бўлимида саратонга қарши ишлатиладиган дори-дармон сотиш билан шуғулланганини қўшимча қилган.
Яна бир манбада келтирилишича, ҳукумат Хитойда тарқатилишига рухсат этилмаган жигар саратонига қарши қўлланадиган препаратни импорт қилишга эҳтимолий алоқаси бор бир неча кишини ҳам текширмоқда.
Қирғизистон фуқароларини Россияга сафар қилмасликка чақирмоқда
Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз фуқароларига Россияга сафар қилишдан тийилиб туришни тавсия қилмоқда. Бу хабарни қардош мамлакат ТИВ матбуот хизмати тарқатган.
– Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий этилган хавфсизлик чоралари ва чегарада назорат кучайтирилгани муносабати билан республика фуқароларига арзирли сабабсиз Россияга бормасликни тавсия қилади, – дейилган ахборотда.
Хитой Африка бозорини эгаллашга интилмоқда
Навбатдаги Хитой – Африка ҳамкорлик форуми халқаро майдонда кураш кескинлашган, ўзига хос шароитда бўлиб ўтади.
– ХХР бу майдондан ҳамкор мамлакатларни улкан бозор ёрдамида ўз томонига оғдириш мақсадида фойдаланади, – деди Жазоирнинг Умма Ал-Бугий университети иқтисодиёт профессори Мурод Каваший “РИА Новости”га.
4-6 сентябрь кунлари Пекинда бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирда 50 дан зиёд мамлакат етакчилари иштироки кутиляпти. Бу йилги саммит мавзуси – Модернизацияни ривожлантириш ва умумий келажакка эга Хитой – Африка ҳамжамиятини қуриш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш.
“Бир макон, бир йўл” Хитойнинг Марказий Осиё, Европа ва Африкадаги 60 дан ортиқ давлатни боғловчи мавжуд савдо ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш, янгиларини барпо этишга қаратилган халқаро ташаббуси бўлиб, савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Олтиннинг бир троя унцияси 3000 долларга чиқиши мумкин

“РИА Новости” экспертлар таҳлилига таяниб ёзишича, тилланинг нархи бир ярим-икки йил ичида троя унцияси учун 3000 долларгача чиқиши мумкин.
Ҳозир Нью-Йоркдаги “Comex” биржасида бу қиймат 2500 доллар атрофида баҳоланган.
Узоқ Шарқ федерал университетида 3 сентябрь куни бошланган, ойнинг 6-санасигача давом этадиган Шарқий иқтисодий форум иштирокчилари “эҳтиёткорлик билан” фикр билдиришича, “Агар йил охиригача нарх бир унция учун 2600 долларга яқинлашса, ҳайрон бўлмаймиз, чунки ҳозир қиймат 2500 доллар нари-берисида ўзгариб турибди ва яқин икки йил ичида 3000 га чиқишини кўришимиз мумкин”.
Доминиканада Венесуэла ҳукуматининг иккинчи самолёти олиб қолинди

Доминиканада ҳибсга олинган Венесуэла ҳукуматининг иккинчи ҳаво кемасига мамлакатни тарк этиш тақиқланди, деб ёзди мамлакатда чиқадиган “Diario Libre”газетаси.
Душанба куни CNN телеканали АҚШ ҳукумати Венесуэла Президенти Мадуронинг самолётини Доминикана ҳудудида ушлагани ҳақида хабар тарқатган эди. Айни пайт Флорида штатига олиб кетилган учоқ санкцияни айланиб ўтиб харид қилинган, дейилади хабарда.
Америка адлия вазирлиги энди Вашингтон ҳаво лайнери мусодара қилинишига эришмоқчи, дея маълум қилган.
Бангладешда 70 та тўқимачилик фабрикаси ёпилди
Бангладеш пойтахти Даккада чоршанба куни тикувчилар томонидан уюштирилган норозилик акцияси туфайли 70 га яқин тўқимачилик фабрикаси ёпилди.
Маҳаллий “Dhaka Tribune” нашри ёзишича, намойишчилар иш ҳақини ошириш, меҳнат шароитини яхшилашни талаб қилмоқда.
Норозилик тўқнашув ва бузғунчилик ҳаракатини келтириб чиқаргани сабабли, вазият янада кескинлашмаслиги учун корхоналар расмийлар томонидан ёпилган. Ишчилар айрим йўлларни тўсиб қўйган. Натижада тирбандлик юзага келган.
Ўрта ер денгизида яна 20 нафар муҳожир йўқолди
Ўрта ер денгизида рўй берган ҳалокатдан сўнг 20 киши топилмаяпти, тирик қолганлар Италиянинг Лампедуза оролига олиб кетилган. Бу маълумотни БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг ушбу давлатдаги вакили Кяра Кардолетти тасдиқлади.
– Омон қолганлар маълумотига кўра, кема 1 сентябрь куни ағдарилган, – деб ёзган Кардолетти ижтимоий тармоқда. – 20 кишининг тақдири номаълум, етти нафар омон қолган муҳожирнинг аҳволи оғир.
“Sole 24 Ore” газетаси ёзишича, Италия қирғоқ қўриқлаш хизмати етти нафар Сурия фуқаросини қутқарган. Улар Ливиядан жўнагани, кема саҳнида 28 киши бўлгани, йўлга чиққандан бир кун ўтиб, қайиқ ҳалокатга учраганини айтган.
С.Раҳимов, ЎзА