Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Венесуэла: сайлов натижаси норозилик келтириб чиқарди
Венесуэлада президент сайловидан кейин бошланган оммовий норозилик мамлакатнинг аксар қисмини эгаллади, деб хабар тарқатди “TeleSUR” телеканали ва “Nacional” нашри. Тартибсизлик пойтахт округи ва 19 штатни қамраб олган.
28 июль куни бўлиб ўтган президент сайловининг эртасига Миллий сайлов кенгаши амалдаги етакчи Мадурони 2025-2031 йиллар учун қайта сайланганини эълон қилди. Душанба куни эса пойтахтда норозилик бошланди ва бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Венесуэла таркибида 23 штат бор.
Николас Мадуро фуқаролар ҳаракатини “рангли инқилоб”га тенглаштирди.
Айни пайт Лотин Америкасининг тўққиз мамлакати – Аргентина, Гватемала, Коста-Рика, Панама, Парагвай, Перу, Доминикана Республикаси, Уругвай ва Эквадор ҳукуматлари биргаликда баёнот бериб, Венесуэлани куни кеча бўлиб ўтган президент сайлови натижасини қайта кўриб чиқишга чақирган. Ушбу давлатлар амалдаги президент Николас Мадуронинг ғалабасидан хавотир билдирган.
Уларнинг фикрича, хулоса мустақил кузатувчилар гувоҳлигида бутунлай қайта кўриб чиқилиши, овоз санашда шаффофлик таъминланиши керак.
Масалан, Панама Президенти Хосе Руал Мулино ҳукумати Венесуэладаги охирги президентлик сайлови натижаси қайта кўриб чиқилмагунча, ушбу давлат билан муносабатни тўхтатиб туришини билдирган.
– Панама тарихи, ватанимизда яшашни танлаган миллионлаб венесуелаликлар ва демократик эътиқодим ҳурмати, ҳукуматимиз Венесуэладан дипломатик ходимлар олиб чиқиб кетилишини талаб қилади, – деди давлат раҳбари матбуот анжумани чоғида. – Протокол ва овозни компьютерда санаш тизими тўлиқ таҳлил қилинмагунча, дипломатик алоқаларни тўхтатиб турамиз. Бу бизга халқнинг ҳақиқий иродасини билиш имконини беради.
Венесуэла Миллий сайлов кенгаши якшанба кунги сайлов натижасини эълон қилиб, Николас Мадурони 2025-2031 йиллар учун Президент сифатида эълон қилди.
Times: Британия Россия ядро қуролига қарши ракета яратмоқчи
“Times” газетаси дипломатик манбага таяниб, Буюк Британия, гўёки, Россия ядро қуролини йўқ қилиш учун 3,2 минг километр масофага учадиган ракета яратиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар тарқатди, деб ёзган “РИА Новости”.
– Британия Россиядан учирилган... ядро қуролини йўқ қила оладиган, узоқ масофага мўлжалланган ракета яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда, – деб ёзган нашр. – Британия бундай қурилмани Германия билан бирга ишлаб чиқариши мумкин.
ЕИ Венгриянинг россияликларга виза беришни соддалаштириш режасига қарши
Европа парламентидаги йирк фракция – Европа халқ партияси раиси Манфред Вебер ЕИ етакчиларини россияликларга соддалаштирилган виза бераётгани учун Венгрияга нисбатан чора кўришга чақирди, деб ёзди “Financial Times” газетаси.
– Евроиттифоқ мамлакатларига киришнинг янги тартиби жосуслик фаолиятини олиб бориш ва жуда кўп россияликлар учун Венгрияга назоратсиз кириб келиш имконини беради, – дейилган баёнотда. – Бу миллий хавфсизликка таҳдид солади. Шу боис Шенген ҳудудини ҳимоя қилиш учун зудлик билан чора кўрилиши шарт.
Венгрия июль ойида саккиз мамлакат, жумладан Россия ва Беларусь фуқаролари учун муайян шаклдаги виза тартиби соддалаштирилишини маълум қилган.
Эрон АҚШдаги сайловга аралашмайди
Эроннинг Нью-Йоркда жойлашган БМТдаги миссияси гўёки Теҳрон Америка сайловига аралашаётгани тўғрисида АҚШ разведкаси эълон қилган баёнотни кескин рад этди.
– Эронда АҚШ сайловига таъсир этиш мақсади ҳам, бу йўлдаги фаолият ҳам йўқ, – деб ёзди IRNA агентлиги. – Бу айблов асосан сайлов олди кампаниясини жонлантириш учун айтилмоқда.
Тайвань хориждан қурол сотиб олишни давом эттиради
Тайвань мудофаа қобилиятини кучайтириш ва хорижий давлатлардан қурол-яроқ сотиб олишни давом эттиради, деди ҳудуд маъмурияти раҳбари Лай Циндэ.
Орол марказий ахборот агентлиги (CNA) тарқатган хабарда айтилишича, Циндэ собиқ раҳбар Цай Инвэннинг “орол мудофаа қобилиятини мустақил равишда кучайтириш” бўйича юритган сиёсатини давом эттиришини айтган.
Пекин Тайванни ХХРнинг бўлинмас ҳудуди, деб ҳисоблайди. “Ягона Хитой” тамойилига амал қилиш бошқа мамлакатлар учун мамлакат билан дипломатик муносабатни сақлаб қолиш шарти сифатида кўрилади.
Грузия Бош вазири Россия – Украина можароси қачон тугашини айтди
Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе фикрича, Украинадаги уруш келаси йил тугайди ва шундан кейин Грузия – Америка муносабати қайта йўлга қўйилади.
– Ўйлашимча, ҳар қандай шароитда ҳам уруш келаси йил тугайди, – деди у “Имеди” телекомпаниясига берган интервьюсида. – Шундан кейин ҳокимият тепасида демократ бўладими ёки республикачими, муносабатни қайта йўлга қўйиш учун имкон туғилади. Энг муҳим омил – ҳарбий можаро ниҳоясига етиши. Бу бизнинг умидимиз учун асос ҳисобланади.
С.Раҳимов,
ЎзА