Европа Иттифоқи хорижий агентлар тўғрисидаги қонун сабаб, грузиялик юқори лавозимли мулозимларга шенген визаси беришни тўхтатиши, Европа жамғармаларининг ушбу мамлакатдаги фаолиятини қайта кўриб чиқиши мумкин, деб баёнот берди Эстония ТИВ раҳбари Маргус Цахкна Люксембургда бўладиган ЕИ ТИВ раҳбарлари кенгаши мажлиси арафасида.
***
Жанубий Корея, АҚШ ва Япония томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда Россия ва Шимолий Корея ҳарбий ҳамкорлиги кенгайиши кескин қораланди, дейилган Корея Республикаси ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.
Мазкур ҳужжат Россия Президенти Владимир Путин ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин 19 июнда кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзолагандан кейин эълон қилинди. Шартноманинг 4-банди томонларнинг бири уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчиси ихтиёридаги мавжуд воситалар билан ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатишини назарда тутади. Бинобарин, кўмак БМТ Низоми 51-банди ҳамда КХДР ва РФ қонунчилигига мувофиқ бўлиши керак.
***
Қорабоғ собиқ раҳбарлари иши бўйича тергов жараёни ниҳоясига етган, яқин вақт ичида тегишли материаллар судга топширилади. Озарбайжон бош прокурори Комрон Алиев шу ҳақда баёнот берди.
“Ушбу иш бўйича 15 киши сўроқ қилинган”, - деб ёзди “Trend” агентлиги.
Бош прокурор таъкидлашича, ҳибсдагиларнинг ҳуқуқи тўла таъминланади, уларга адвокатлар ва таржимонлар ажратилган.
***
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Брюсселга жўнаб кетди. Бу мамлакатда Бельгия ва Европа Иттифоқи вакиллари билан икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинади.
Қирғизистон раҳбари матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, С.Жапаров ташрифи давомида Бельгия қироли Филипп ва Европа Кенгаши президенти Шарл Мишель билан музокара ўтказади.
***
Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль маъмуриятидаги юқори лавозимли котиблари билан учрашувда РФ ва КХДР ўртасида шериклик тўғрисида имзоланган шартноманинг Корея ярим ороли хавфсизлигига эҳтимолий таъсирига қарши тайёргарлик кўриш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда давлат раҳбари идораси маълум қилган.
***
Европа Иттифоқи ташқи дипломатия ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Хосеп Боррель 24 июнда РФ активларидан олинган 1,4 миллиард евро даромадни Украинага ёрдам жамғармасига ўтказиш бўйича биринчи траншни эълон қилади.
“Politico” нашри ёзишича, Европа дипломатияси раҳбари 21 июнь куни Люксембургда ўтадиган ЕИ ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишида келишув асосидаги ушбу баёнот билан чиқади. Газета таъкидлашича, маблағ Германия, Дания ва Чехия орқали юборилади. Навбатдаги транш 2025 йил баҳорида Украина ёрдам фондига ўтказилади, Италия, Латвия, Руминия ва Швеция воситачи сифатида ишлайди. Бундай транш мунтазам тус олиши кутиляпти.
***
Техас штати суди ўлим жазосига ҳукм қилинган ва қарийб 20 йил давомида 1977 йилдаги қотилликка алоқаси йўқлигини исботлашга уринган эркакнинг айбсизлигини тан олди.
Керри Макс Кук 1979 ва 1994 йилларда қўшниси Линда Жо Эдвардсни зўрлаб, ваҳшиёна усулда ўлдирганликда айбланган ва икки бор олий жазога ҳукм қилинган.
Энди Апелляция суди Кукни айбсиз деб топди. Қарорда унинг сохта гувоҳлар берган маълумотларга асосланиб, нотўғри айблангани тан олинган.
CNN телеканали ҳисоблашича, ҳозир 68 га кирган Кук мамлакатда 1973 йилдан кейин ўлим жазосига ҳукм қилиниб, оқланган 199-маҳбус ҳисобланади.
***
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Серик Бурамбаевни республика ҳарбий-денгиз кучлари Бош қўмондони этиб тайинлади, дейилган давлат раҳбари матбуот хизмати тарқатган хабарда. Бошқа тафсилот келтирилмаган.
Мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари 1993 йил ташкил этилган. Мамлакат мудофаа вазирлиги сайтида келтирилишича, Ҳарбий-денгиз флоти Каспий денгизининг Қозоғистон секторида давлат дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги, суверенитети, иқтисодий манфаатини ҳимоя қилади.
С.Раҳимов, ЎзА