Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
АҚШ ядро қуролини Ҳинд-Тинч океани минтақасига қайтариш зарур, деб ҳисобламайди ва Корея ярим оролига жойлаштиришни режалаштираётгани йўқ. Давлат департаменти расмий вакилининг ўринбосари Ведант Патель журналистлар учун уюштирилган брифингда шу ҳақда баёнот берди.
***
Кеча Нью-Йорк суди ҳакамлар ҳайъати актриса Сторми Дэниэльсга тилини тийиб юриши учун пул тўлангани муносабати билан бизнес ёзувини сохталаштириш бўйича Доналд Трампни биринчи жиноий ишда айблади.
Сиёсатчи мавжуд барча 34 банд бўйича айбдор, деб топилган. Суднинг якуний қарори 11 июлда чиқарилади.
***
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон мамлакат фан ва таълим соҳаси вакиллари, олимлар билан ўтказилган учрашувда Миллий фанлар академиясининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳисобот-таҳлилига таяниб, айрим фанлар бўйича аниқ илмий изланиш олиб борилмаганидан хавотир билдирди. Шу боис Таълим ва фан вазирлиги, Таълим ва фан соҳасида назорат агентлиги, Миллий фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси, Олий аттестация комиссияси ва бошқа тегишли тузилмаларга уч ой муддатда аниқ таклифлар киритишни топширди.
***
Хитой Марказий телевидениеси Покистонга қарашли кўп мақсадли алоқа йўлдоши “Long March-3B” ракета ташувчи восита коинотга муваффақиятли олиб чиқилганини маълум қилди.
ХХР Космик фанлар ва технологиялар академиясида яратилган мазкур қурилма 15 йил давомида Покистон ва ушбу мамлакатга туташ ҳудудлар бўйича кузатув олиб боради.
***
Оқ уй раҳбари Жо Байден 8 июнда Францияга давлат ташриф амалга оширади. Франция ва АҚШ етакчилари иттифоқчилар қўшини Нормандияга ташланганининг 80 йиллиги тадбирларида иштирок этади. Бу ҳақда Франциянинг Қўшма Штатлардаги элчихонаси маълум қилган.
Таъкидланишича, ўзаро музокара чоғида Италияда ташкил этилиши кутилаётган “Катта еттилик” йиғилиши ҳамда Вашингтонда ўтадиган НАТО саммити кун тартиби муҳокама қилинади.
***
Хитой 15-16 июнь кунлари Швейцарияда бўлиб ўтадиган Украина бўйича халқаро тинчлик конференциясида иштирок этмаслигини тасдиқлади. “Reuters” ёзишича, Пекин конференцияда Украина билан бирга Россия ҳам иштирок этиши кераклиги тўғрисидаги шарти бажарилмагани учун таклифни рад этган.
***
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтмоқда. Арманистон ушбу мажлисда қатнашмаслигини, бироқ чекланган форматда қабул қилинадиган қарорларни инкор этмаслигини билдирган. Бу ҳақда Ташкилот котибияти вакили Юрий Шувалов маълум қилди.
***
Эронда президентликка даъвогарларни рўйхатга олиш бошланган. Тадбирнинг иккинчи куни мамлакат парламенти собиқ раҳбари, Мақсадли кенгаш (Олий етакчи Али Ҳуманаий ҳузуридаги олий маслаҳат органи) аъзоси Али Ларижоний номзоди расмийлаштирилди. СНН телеканали Теҳрондаги сайлов штабидан ушбу жараённи жонли эфирда намойиш қилиб борди.
Парламент собиқ раҳбари журналистлар билан суҳбат давомида “санкцияни бекор қилиш масаласини дипломатиянинг устувор йўналиши сифатида кўриши”ни маълум қилди.
***
Корея Республикаси билан Шимолий Корея ўртасида 1989 йил йўлга қўйилгандан бери илк бор 2023 йил тўғридан-тўғри савдо-сотиқ қилинмаган. Бу маълумотни Жанубий Корея Бирлашиш вазирлиги Оқ китобида келтирилган ёзув тасдиқлайди. 1989-2022 йиллар мобайнида икки давлат ўртасидаги умумий савдо қиймати 24,8 миллиард долларни ташкил этган.
С.Раҳимов, ЎзА