Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Ямайка ҳукумати Фаластин давлатини тан олди, дейилган мамлакат Бош вазири Эндрю Холнесснинг ижтимоий тармоқ саҳифасида эълон қилинган баёнотда.
Ҳозир Фаластинни БМТга аъзо мамлакатларнинг кўпчилиги тан олган.
***
Анқара Тель-Авив маъмурияти қонун олдида жавоб бериши учун бор воситалардан фойдаланади, дея баёнот берди мамлакат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған.
Ўтган ҳафта мамлакат савдо вазири Туркия Исроил билан савдо-сотиқни тўлиқ тўхтатганини тасдиқлаган эди.
***
Европа ташқи сиёсат хизмати расмий вакили Петер Стано “Европа Иттифоқи Қрим кўпригини Украинанинг қонуний нишони, деб ҳисоблайдими?” мазмунидаги саволга жавоб бераркан, “Киев ўзини-ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқига эга”, деди.
– Биз учун тушунарли: Украина яшаб қолиш учун курашмоқда ва ўзини ўзи мудофаа қилишга қонунан ҳақли, – деди у Брюсселда ўтказилган брифингда.
Аввалроқ Литванинг Швециядаги элчиси Линас Линкявичюс ижтимоий тармоқда Қрим кўпригига ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўрилаётган ишорани юклаган эди.
***
Брюсселда ЕИ – Украина мудофаа саноати очилишида сўзга чиққан Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Европа аллақачон Россия билан янги қуролланиш пойгасига киришган, дея баёнот берди.
Унинг фикрича, агар Европа Иттифоқи тинчлик таъминланишини истаса, иқтисодиётини ҳарбий режимга ўтказиши керак.
***
ХХР раиси Си Цзиньпин Парижда ўтадиган Олимпия ўйинлари вақтида бутун дунёда олимпия ярашувига чақирди.
– БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо мамлакат сифатида, Хитой Франция билан бирга Парижда Олимпия ўйинлари ўтадиган пайтда бутун дунёда олимпия ярашувига чақиради, – деди у Парижда Франция Президенти Эммануэль Макрон иштирокида кечган матбуот анжуманида.
Париж Олимпиадаси 26 июль-11 август кунларига белгиланган.
Франция етакчиси эса ушбу тадбирда мамлакати Россия билан ҳам, Россия халқи билан ҳам уруш ҳолатида эмаслигини таъкидлаб, Франция Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашини ҳам қўшимча қилиб қўйди.
***
ЕИ 2025 йил ўқ-дори ишлаб чиқаришни икки миллион донага етказишни мўлжалламоқда, деди ички бозор бўйича Еврокомиссар Тьерри Бретон.
– Ҳозир бир миллион ўқ ишлаб чиқариляпти, келаси йил икки миллионни мўлжаллаяпмиз, – деди у ЕИ – Украина мудофаа саноати форумида.
Бретон Иттифоқ саноатини ҳарбий тартибга ўтказиш кераклиги ҳақида ҳам гапирган.
***
Хакерлар Буюк Британия мудофаа вазирлиги серверини бузиб кирди, деб ёзган “Sky News” телеканали.
Таъкидланишича, ҳукумат гап қайси давлат хакерлари ҳақида кетаётганини очиқламаган.
Телеканал эса бу иш ортида Хитой турганига урғу бериб, амалдаги ҳарбий хизматчилар ва айрим фахрийларга маош тўлаш тизими ҳужумга учраганини таъкидлаган. Асосан, исмлар ва банк реквизитларини ошкор этган.
***
“РИА Новости” ихтиёрига келиб тушган ҳужжатда қайд этилишича,ХАМАС ҳаракати Исроил билан эришилган битимнинг биринчи босқичида Исроил мудофаа армиясининг асирга олинган ҳар бир аёл аскарини қамоқда сақланаётган 50 нафар фаластинлик маҳбусга алмашишини билдирган.
***
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 9 май – Ғалаба куни тадбирида иштирок этиш учун ҳар йил Москвага бориш шарт эмас, дея баёнот берди.
– Мен Москвада 9 май тадбирларида иштирок этганман, ҳар йили қатнашиш шартмас, деб ҳисоблайман, – деди у Ереванда уюштирилган матбуот анжуманида. – Арманистон раҳбарлари бу маросимда ҳар йили иштирок этиши амалиётини кўрмаганман.
Унинг таъкидлашича, Арманистон етакчиси ёки бошқа бир мамлакат раҳбари ҳар йили парадда иштирок этаверса, ғалати туюлади.
Душанба куни РФ Президентининг халқаро ишлар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Москвадаги парадда иштирок этмаслигини маълум қилди.
С.Раҳимов, ЎзА