2023 йил Хитой билан Грузия ўртасида товар айрбошлаш 50 фоиз ортди ва 2 миллиард долларни ташкил этди, деди ХХРнинг Тбилисидаги элчиси Цянь. Унинг таъкидлашича, Чин мамлакати “Ўрта йўлак” билан боғлиқ инвестиция ва транспорт қурилиши лойиҳаларида фаол иштирок этмоқчи.
***
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев тошқинга қарши кураш Республика штаби мажлисида ҳукуматдан зарар кўрган вилоятларда озиқ-овқат нархи кўтарилишига йўл қўймасликни сўради, дейилган мамлакат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
***
Арманистон банклари Россиянинг “Мир” картасига хизмат кўрсатишдан бош тортишига АҚШнинг кучли босими сабаб, деди РФ Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
19 март куни РБК нашри 30 мартдан бошлаб “Мир” карталари Арманистоннинг кўплаб банкларида фаолиятини тўхтатди, дея хабар тарқатган эди. Кейинчалик Арманистон Марказий банки ушбу ҳолатга “банклар қайси тўлов тизими билан ишлашни ўзлари мустақил ҳал қилади” деб изоҳ берди.
***
Озарбайжон ва Туркия мудофаа саноати соҳасида меморандум имзолаш ниятида. Президент Илҳом Алиев қардош давлат мудофаа саноати қўмитаси раиси Гергюн раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди. Таркибда қурол ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялар раҳбарлари ҳам бор эди.
Туркия компаниялари ва Озарбайжон мудофаа саноати корхоналари ўртасида биргаликда фаолият кўрсатиш бўйича меморандум имзоланади, дейилган Озарбайжон Президенти сайтида берилган хабарда.
***
Индонезия пойтахти Жакарта яқинидаги қурол-яроқ омборида портлаш содир бўлди. Натижада 130 дан ортиқ хонадон хавфсиз жойга кўчирилди, деб ёзди “Синьхуа” агентлиги.
Минтақавий ҳарбий қўмондонлик раҳбари Муҳаммад Ҳасан таъкидлашича, ҳодиса маҳаллий вақт билан 03:45 да бартараф қилинган. Ҳалок бўлганлар ҳақида хабар йўқ.
***
3 апрель куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Туркманистон маданияти кунларига старт берилади, дейилган республика маданият вазирлиги тарқатган хабарда.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – икки давлат ўртасида маданий алоқани мустаҳкамлаш. 5 апрелда меҳмонлар маданий дастурлар намойиш қилиш учун шаҳар ва туманларга чиқишади.
***
Руминияда мартнинг сўнгги кунлари одатдагидан иссиқ келди, айрим ҳудудларда ҳарорат Цельсий бўйича 32 даражага чиқди. Мутахассислар фикрича, одатдаги меъёрдан 15-17 даража юқори ҳисобланган бу ҳолат ёз эрта келаётганини билдиради.
***
Мексиканинг Гуанахуато штатидаги Селая муниципалитети мэрлигига номзодини кўрсатган Берту Гизелу Гайтан душанба куни отиб кетилди, деб хабар тарқатди “Pais” газетаси.
Нашр ёзишича, марҳум душанба куни “Миллий уйғониш ҳаракати” партияси уюштирган митингда ҳалок бўлган.
“Infobae” портали маҳаллий ҳукуматга таяниб маълум қилишича, сиёсатчига ҳужум уюштирилганда яна уч киши жароҳат олган.
***
РФ фуқаролари орасида қирғизистонликларга нисбатан ксенофобия кучаймоқда. Бу ҳол нафақат Москвада, балки бошқа ҳудудларда ҳам кузатиляпти.
– Бизникилар таъқиб қилинмоқда, уларга босим ўтказиляпти, – деди Қирғизистон депутати Самаков парламент қўмитаси мажлисида. –Фуқароларимизга теракт содир этилишидан олдин ҳам муносабат яхши бўлмаган, энди камситиш янада кучаймоқда.
С.Раҳимов, ЎзА