Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Венгрия ТИВ НАТО Бош котиби лавозимига Рютте номзодини рад этди
Венгрия Нидерландия Бош вазири Марк Рюттенинг НАТО Бош котиблигига номзодини қўллаб-қувватламайди, чунки у Будапештни тиз чўктирмоқчи бўлганди, деб баёнот берди мамлакат ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто.
“Politico” газетаси ёзишича, альянсга аъзо мамлакатларнинг учдан бир қисми, ҳатто АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Рюттени қўллаб-қувватлаган. Янги Бош котиб тасдиқланиши учун юз фоиз овоз зарур.
Гаага суди россиялик икки ҳарбий раҳбарни қамоққа олиш учун ордер берди
“РИА Новости” ёзишича, Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россия ҳарбий космик кучлари авиация қўмондони Сергей Кобилаш ва Қора денгиз флоти қўмондони Виктор Соколовни қамоққа олиш бўйича ордер берди.
ХЖС “Кобилаш ва Соколов қўл остидагиларнинг Украина электр энергетика инфратузилмасига ракета зарбалари бергани учун жавобгар ҳисобланади” дея баёнот берган.
Гувоҳларни ҳимоя қилиш ва тергов хавфсизлигини таъминлаш учун ордерга “махфий” хусусияти берилган.
Польшада дронлар қўшини ташкил этилади
Польша миллий мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш маълум қилишича, ушбу мамлакат дронлар қўшинини тузмоқчи.
“Украина урушидан хулоса чиқарган ҳолда, дронлар қўшини компонентини яратиб, қўшин ташкил этамиз”, – деган Косиняк-Камиш.
Бу ерда гап фақат учоқлар эмас, балки денгиз дрони ва қуруқликда ҳаракатланадиган техника ҳақида ҳам бораётгани таъкидланган.
Ҳиндистон қўшини Мальдивни қачон тарк этишига аниқлик киритилди
Мальдив ороллари Президенти Муҳаммад Муиззу баёнот беришича, Ҳиндистон ҳарбий хизматчиларини орол ҳудудидан 10 майгача олиб кетиши керак. Бу ҳақда “The Times of India” газетаси ёзган.
“10 майдан кейин мамлакатда Ҳиндистон қўшини бўлмайди, мен буни ишонч билан айтяпман”, – деган у.
Мальдивда Ҳиндистоннинг 88 нафар ҳарбий хизматчиси бор. Улар Нью-Деҳли ҳомийлик қилаётган радиолакация станцияси ҳамда кузатув самолётларига хизмат кўрсатади. Шунингдек, ҳинд ҳарбий кемалари Мальдив иқтисодий ҳудудини қўриқлашга ҳам ёрдам беради.
Туркияда ҳарбий вертолёт фавқулодда қўнди
Туркиянинг шарқий қисмида ҳарбий самолёт мажбурий қўнишни амалга оширди, ҳодиса туфайли жабрланганлар бор, деб хабар тарқатди “TRT Haber” давлат телеканали.
Ҳарбий машина Урла туманидаги Бадемлер қишлоғида очиқ далага қўнганда бир киши жароҳат олган. Айни пайт ярадор ҳарбий касалхонага ётқизилган.
Ғарб Украинага қўшин юбориши мумкин
ТАСС агентлиги ёзишича, Сербия Президенти Александар Вучич “Бизни кўплаб мураккаб вазиятлар кутмоқда”, деган.
– Украинага ғарб танклари юборилиши ҳақида гап чиққанда, кўпчилик ҳеч қачон бундай бўлмайди, деганди. Бинобарин, айни воқеа юз берди. Худди шундай гап-сўз самолётлар ҳақида ҳам кузатилди. Гарчи, самолёт ҳали расман жўнатилмаган бўлса-да.
– Ҳозир Украинага ғарб қўшини киритилиши ҳақида гаплар юрибди, – деган Сербия раҳбари. – Айримлар бу тахмин асоссиз, демоқда. Афсуски, шундай ҳам бўлиши мумкин.
Аввалроқ Франция етакчиси Эммануэль Макрон Ғарб мамлакатлари қўшинини Украинага жўнатиш масаласи истисно этилмайди, деган.
Британия Украинага янги снаряд жўнатади
Буюк Британия апрелдан июнгача Украинага замбарак снаряди етказиб бера бошлайди, деди мамлакат мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Хиппи.
Февраль ойи охирида Буюк Британия ҳукумати Украинага ўқ-дори сотиб олиши ва 2025 йил ўқ-дори ишлаб чиқариш занжирини ташкил этиши учун 245 миллион фунт ёрдам ажратишини маълум қилган.
АҚШ Ғазога ҳарбий жўнатишни режалаштирмаяпти
Ҳозир америкалик ҳарбийларни Ғазо секторига жўнатиш режалаштиргани йўқ, деб баёнот берди Пентагон расмий вакили Патрик Райдер.
2023 йил ноябрда Америка матбуоти Пентагон раҳбарининг махсус амалиёт бўйича ёрдамчиси Кристофер Майерга таяниб, АҚШ махсус топшириқларни бажарувчи кучлари гаровдагиларни қидиришда ёрдам бериш учун Исроилга етиб келди, деб ёзган эди.
НАТО собиқ бош котиби Европани ҳарбий иқтисодиётга ўтишга чақирди
НАТО собиқ раҳбари Андерс Фог Расмуссен Трампнинг АҚШ президентлигига қайтиш эҳтимолига тайёргарлик кўриш учун Европани ҳарбий иқтисодиётга ўтишга чақириб, мудофаа соҳасига сарфланаётган харажатни ошириш зарурлигини таъкидлади.
“Европа ҳарбий иқтисодиётга ўтиши, Украинага барча зарур қуролларни бериши керак”, - деди у Швейцариянинг “Neue Zürcher Zeitung” газетасига интервью берганда.
Расмуссен таъкидлашича, собиқ Президентнинг Оқ уйга қайтиш эҳтимоли НАТО учун “хавф” туғдириши мумкин.
“Tesla” Берлиндаги заводи туфайли юз миллион евро зиён кўрди
Сўл айирмачиларнинг Берлин яқинида кичик электр қурилмасига ҳужуми оқибатида “Tesla” заводи туриб қолишидан кўрилган зарар 100 миллион еврога баҳоланмоқда. Заводнинг 12 мингдан зиёд ходими қайта ишга олинмаяпти, деди компания вакили Андре Тириг матбуот анжуманида.
Ўтган ҳафта мажмуа ёқиб юборилгач, Экнер шаҳри ва Берлиннинг икки тумани электр таъминотидан узилди. Завод фаолияти келаси ҳафта тикланиши тахмин қилиняпти.
С.Раҳимов, ЎзА