Машҳур цирк артисти Баҳром Ахназаров билан суҳбат...
– Баҳром ака, айнан цирк санъатини танлашингизга сабаб нима бўлган?
– Ўзи болалигимда ҳам анча бақувват эдим. Ҳамма мени «полвон», деб чақирарди. Лекин асл сабабчи раҳматли отам бўлган. Отам кўп китоб ўқир эди. Бир сафар қозоқларнинг машҳур полвони, кураш бўйича чемпион, ҳам цирк артисти ҳақида китоб олиб келди. Ўша китобни мен ҳам ўқидим. Ундан таъсирланиб, полвонликка қизиқиб қолдим.
Кейин Аллоҳ ўзи омад берди. Бўлмаса оддий дурадгорнинг ўғлимиз. Оилада 11 фарзанднинг энг каттасиман.

1975 йиллар эди, мактабни энди тугатганман. Бизнинг қишлоққа машҳур курашчи ва тош кўтарувчи полвон Евгений Назарянс гастролга келди. У арман, лекин Тошкентда туғилиб ўсган. Ёзнинг жазирама иссиқ кунлари эди. У чанқаб сув излаган. Бизнинг уйимиз шундоқ колхоз клубининг ёнида эди. Сув қаердан топсам бўлади, деб сўраса, бизникини кўрсатишган, шу уйда босма кран бор деб. Супамизда менинг кўтарадиган тошларим, штанкаларим турарди. У отамдан бу тошларни ким кўтаради, деб қизиқиб сўраган. Отам мени айтган. Назарян отамдан мени чақиришни сўраган. Ёз кунлари тушда ухлар эдик. Отам уйғотиб, сени бир киши чақиряпти, деди. Чиқсам, бир оқ айиқдай келадиган, катта, бўйи 2 метрга яқин, оғирлиги 150-160 килограммлар келадиган одам турибди. Отам катта косада берган сувни ичаётган экан. Русчани унча билмасдим. Ўзбекчалаб "Бу тошларни сен кўтарасанми", деди. Ҳа, мен кўтараман, дедим. Кўтартириб кўрди. Кейин "Бу ерда юрма, циркка ишга кир", деди. "Циркда мени ким ишга оларди", десам, қўлимга бир манзил ёзиб берди. "Мана шу жойга борсанг, ўша ерда мен бўламан, «Дядя Женя», десанг ҳамма билади", деди.
Орқасидан ёзиб берган манзилига бордим. Назарянс мени Тошкент давлат цирки директори Эркин Тошкенбоевнинг олдига олиб кирди. Шу билан циркка ишга кириб, ишлаб кетдим. Илгари телевизорда "Цирк. Цирк. Цирк" кўрсатуви бериларди. Тошкентбоевлар, дорбозларни кўриб, ҳавас қилиб, «шунақа бахтли одамлар бор, ўшалар билан ҳам кимлардир бировлар салом-алик қилади», деб Тошкенбоевлар билан салом-алик қиладиган одамларга ҳавас қилардим.
Омадим келди, вақт-соати билан Тошкенбоевларга шогирд тушиб, уч-тўрт йил ишладим.
Кейин Москвада тўрт йил ўқиб келдим. Сўнг ўзбек коллективи тузамиз, деб Москвадан комиссия келди. 200 нафар талабгор қатнашган бўлса, шундан 12 нафар болани танлаб олиш керак бўлган. Ўша 12 таликка мен ҳам тушиб қолдим.
Москвага борганимда ҳар-хил гаплар бўлди. "Ёши катта – 22 да экан. Ўқишни тугатгунча 26 га киради, бўлмайди", дейишди . Цирк йўналишида камдан-кам ҳолларда 40-50 ёшлилар ишлайди. Кейин СССРда хизмат кўрсатган тренер Федосов «Бу бола жуда бақувват экан. 60-70 ёшгача ҳам ишлай олади циркда”, деб мени олиб қолди.
Шундай қилиб ўқишга ҳам кирдим. 4 йил ўқиб, ҳам полвон, ҳам акробат бўлдим.
– Нима учун Ўзбекистонда эмас, кўпроқ чет элда фаолият олиб бордингиз? Бунга иқтисодий ёки сиёсий сабаблар борми?
– Ўзбекистонда ёшлигимда Тошкенбоевлар билан 10 йиллар ишлаганман. Кейинроқ Россияга, у ёққа, бу ёққа ишга чақиришлар бошланди.
Кимдир бу соҳада ҳам Ўзбекистоннинг номини дунёга танитиши керак-ку. Шунинг учун ҳам кўпроқ чет элда юрганман.
Ўзбекистонда ишлайдиган полвонлар кўп. Аммо дунё эътиборини торта оладиган ўзбек полвонлари жуда кам. Шу мақсадда мен ва укаларим — Фахриддин, Озод, Қаҳрамон ва жиянларим дунё кезиб юрибмиз. Аммо очиғини айтсам, молиявий томони ҳам бор. Чет элда яхши ҳақ тўлашади.
– Сиз нафақат Ўзбекистон, балки дунё цирки аринасига 7 нафар ҳайратланарли қувватга эга полвонларни чиқардингиз. Хизматларингиз қандай баҳоланган? Мукофотлар, унвонлар...
– Шогирдларим кўп. Ҳаммаси укаларим, жиянларим. Ҳа, улар 7 нафар. Ҳозир цирк соҳасида ишлаяпти. Мен нафақадаман. Укаларимнинг менинг ортимдан циркка келганининг ўзи мен учун катта муваффақият. Акс ҳолда полвонлигим ҳам, санъатим ҳам тугарди. Бу энди мана династия бўлиб кетди. Шунинг ўзи энг катта муваффақиятим.

Хизматларимга келсак, бир қўшиқ бору: «Менинг кимлигимни эл билса бўлди»... Мана, дунёни шунча кездик, дунё халқларининг назарига тушдик. Россияда мухлислар менга «Железный Бахром» деб ном қўйишган. Россия, Украина ва Европа, умуман чет эллардан телефон қилишиб, ҳол-аҳвол сўрашади, байрамларда табриклашади. Мукофотим шу...
– Ижтимоий тармоқларда сизни Гиннесс рекордлари китобига тўрт марта кирган ўзбек полвони, деб ёзишади. Қандай натижа билан рекорд ўрнатгансиз?
– Гиннесс рекордига тушмаганман. Энди у ер бу ерда четда ишлаб юрганларимизда бизни чақирганлар ёзган ёки айтган бўлиши мумкин. Лекин Гиннесс рекордига тушиш учун кўп таклифлар бўлган.
"Баҳром, трюкларинг билан рекорд ўрнатсанг бўлади", дейишган. Негадир шунга қизиқмаган эканман. Лекин Россияда, араб давлатларида ва бошқа юртларда ишлаб юрганимда, мана дунёнинг энг кучли полвонлари деб реклама қилишган.
– Айнан қайси трюкларингиз машҳур бўлган?
– Масалан, Англияда 16 тонналик автобусни тишимда тортганман. Автобус икки қаватлик эди. Оёғимда пирамида шаклида жойлаштириб, 620 килогача одамлар жамоасини кўтарганман. Устимдан 4 тоннагача автомобиль ўтказганман трюкларимда. Буни кўрганлар "Гиннесс рекордини бемалол ўрнатсанг бўлади", дейишарди.
– Муваффақиятларингизнинг сири нимада?
– Сири Аллоҳнинг назарига тушганимда, деб ўйлайман. Ундан кейин энг катта сабабчи отам билан онам. Онамга йиғлаб айтардим: «Магазинга тош келибди, икки пудлик тош, 32 килолик, ўшандан олайлик” деб. 11 фарзанд бўлганмиз. Оилавий шароитимиз оғир, бир этак бола. Шундай бўлса ҳам, онам бечора ўзи емаса ҳам, менга тош олишга пул берарди. Бориб тошларни олиб келиб хурсанд бўлиб, уйда шуғулланиб юрардим.
Ютуқларимизнинг сабаби эса шу нарсага астойдил қизиққанман, ташлаб қўймаганман. Овқатимизга ҳам эътибор берганман. Спиртли ичимликлар ичмаганман, чекмаганман. Циркда русча айтганда: «фанат»лар ишлайди.
Ҳақиқий спортчи бўламан деган йигит ҳалол бўлиши керак, ҳаром аралаштирмаслиги керак. Ҳаромдан қўрқса, омад ўзи излаб келаверади.
– Фаолиятингиз билан боғлиқ ғаройиб воқеалар ҳақида гапириб берсангиз.
– Бир воқеа бўлганди. Сибирда охирги трюк – устимдан машина ўтиши керак эди. Машина ўтиб, тахталарни олишгандан кейин озгина бош айланиши бўлади. Дарров туриб кетолмайсиз. Бир пас ётиб, кейин турилади. Ўшанда ўрнимдан дарров турмаганимга бир аёл рус тилида: «Эх, вы, за денги такого мужика угробили» деб чинқириб манежга қараб югурганди.
– Сиз халқлар эътироф этган полвонсиз. Лекин ҳали-ҳамон ўз ҳудудингиз – Пахтачи шевасида гапирасиз. Ҳатто адабий тилга ҳам ўтмагансиз. Буни тилга садоқат, деб ҳисоблайсизми ёки ўзингизга хос хислатми?
– Пахтачи шеваси онамдан мерос. Онадан ўтган шевани унутиб бўладими? Адабий тилда ҳам гапираман. Тошкент шевасида ҳам гапираман. Рафиқам тошкентлик, у билан Тошкент шевасида гаплашаман.

– Сиз ўзбек мумтоз спорт турини замонавий цирк шоулари билан уйғунлаштира олган Ахназаровлар династиясига асос солдингиз. Жаҳон цирки фахрийси сифатида ўзбек давлат циркининг бугунги аҳволи ҳақида нима дея оласиз?
– Ўзбек цирки биноси энг чиройли цирклардан биттаси. МДҲ давлатлари ичида бунақа чиройли қурилган цирк биноси ўзи йўқ. Катталиги жиҳатидан ҳам менимча, иккинчи ўринда туради. Биринчиси, Москвадаги янги цирк, ундан кейин эса бизнинг цирк. Қолган цирклар бизникидан кичкина. 1800-2000 ўринли бошқа цирклар. Бизнинг циркимиз адашмасам 2700 ўринли.
Бизда иқтидорли болалар кўп. Улар чет эл билан шартнома асосида ишлаб Ўзбекистонни дунёга танитиб юрибди. Тўғри, цирк артистларининг ойлиги анча яхшиланган, аммо бу ҳали кам. Циркка эътиборни кучайтириш керак. Мана кино, театр санъати, ёки қўшиқчиликни олинг, актёр ва хонандаларга унвонлар берилади, ҳар хил мукофотлар бор. Цирк артистлари учун ҳам қандайдир унвонлар ташкил қилинса, яхши циркчилар тақдирланиб борилса, нур устига нур бўлар эди.
– Сизни қийнаётган дардлар ва армонлар...
– Бу дунёда армонсиз одам бўлмаса керак. Ота-онам ҳозирги муваффақиятларимни кўрганда эди.
ЎзА