Дунё сиёсий майдонида янграган мардона овоз
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласи кишини ҳам сергак торттиради, ҳам мамлакатнинг эртанги кунига умид бағишлайди. Мақолада янги босқичга ўтаётган самарали халқаро ҳамкорликда ШҲТнинг роли замонавий тараққиётнинг энг муҳим омили сифатида асосли тарзда очиб берилган.
Абу Райҳон Берунийнинг “Ат-Тафҳим” асарида қайд қилинишича, Миср, Юнон, Эрон, Турон, Ҳинд ва Чин (Хитой) ўлкаларида қадимдан давлатчилик мавжуд бўлгани, Турон (бугунги Марказий Осиё) мазкур давлатларни боғлаб турувчи муҳим ва марказий ўринга эга бўлган. Бу давлатларнинг кўпчилиги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлардир. Улар қадимдан мустаҳкам давлатчилик анъаналарига эга. Демак, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари йигирма йил нари-берисида эмас, аксинча, мингйилликларга бориб тақалади.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, мақолада биринчи бор жафокаш афғон халқига нисбатан тўғри баҳо берилган. Афғон халқи нафақат ўзининг озодлиги учун, балки қўшниларининг тинчлиги учун ҳам курашаётган қардошларимиз сифатида баҳоланиши, яқин келажакда улар Осиёнинг юраги сифатида савдо ва бошқа иқтисодий алоқаларни мустаҳкамловчи кўприк сифатида кўрилиши Давлатимиз Раҳбари томонидан берилган объектив ва ҳаққоний баҳодир. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтожлиги, Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзиш масаласи, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмак бериш каби масалалар ўртага ташланган. Президентимиз томонидан Афғонистоннинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш “маънавий бурчимиз” экани алоҳида таъкидланган.
Бугун дунёдаги таҳликали вазият, бегуноҳ қон тўкилиши, нотинчлик сояси ҳар бир маънавиятли инсоннинг қалбини изтиробга солади. Президентимизнинг бу масаладаги ташвишли мулоҳазалари негизида ўзгалар тақдирига ғамхўрлик, дунёда тинчлик барқарорлигига эришиш каби олижаноб ниятлар кўриниб турибди.
Мақоланинг яна бир муҳим томони, “Самарқанд руҳи” феноменининг илгари сурилгани бўлди. Кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида ШҲТ саммитининг олий даражада ўтказилаётгани беихтиёр мингйилликлар бурун қадимги давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқалар акс этган Афросиёб ёдгорлигини эсга олади. Самарқанд асрлар давомида илм-фан, маданият, савдо ва иқтисодий алоқалар пойтахти вазифасини бажаргани, бугунги кунда бу шаҳар қайтадан ўзининг тарихий миссиясини бажаришга киришгани қувонарли.
Президентимизнинг мақолада билдирган фикр ва таклифлари Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатдаги якдил позициясини кўрсатиб беради, Марказий Осиё давлатлари ва қўшни Афғонистон билан ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу дунё сиёсий майдонида янграган мардона овоздир.
Олимжон Давлатов,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар
институти директори