“Дунё садолари”: унутилмас таассуротларга бой бўлди
Андижоннинг энг хушманзара гўшаси Хонобод шаҳрида ўтказилган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали якунига етди.
Фестиваль давомида юртимиз ва дунёдаги қатор давлатларнинг эстрада гуруҳлари, хонандалари иштирок этиб, ўз санъатларини намойиш этди. Эстрада юлдузларининг ўзига хос чиқишлари, фестиваль доирасида ўтказилган турли тадбирлар фестивалда қатнашган ҳар бир киши қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
– Меҳмондўст Ўзбекистоннинг энг сўлим масканларидан бири Хонобод шаҳрида бўлиб ўтган фестиваль ҳақиқий эстрада санъати, қўшиқлар ва мусиқа байрамига айланди, – дейди Андижон вилояти Қорасув шаҳридаги 55- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилноза Омонова. – Уч кун давомида нафақат юртимиз, балки жаҳон эстрада юлдузлари санъатидан баҳраманд бўлдик, қолаверса, Юртбошимиз ташаббуси билан мана шундай катта халқаро фестивалнинг ўтказилганлиги қалбларимизни фахр-ифтихорга тўлдирди. Ўйлайманки, фестивалга ташриф буюрган ҳар бир инсон улкан маънавий, маданий озуқа олди.
[gallery-12845]
Айниқса, фестиваль давомида юртимиз вилоятлари, хусусан, Андижон ҳунармандларининг ранг-баранг ҳунармандчилик маҳсулотлари фестивалга ўзига хос кўрк бағишлади. Кўплаб хорижликлар, фестиваль меҳмонлари ҳунармандчилик кўргазмаларини катта қизиқиш билан томоша қилди. Фестиваль якунига бағишланган шоу концерт юқори кўтаринкилик билан ўтди.
Хонобод шаҳри марказидаги асосий саҳнада Жаноб Расул, Элёр Мелибоев, Жамбул Муҳаммедов, Ҳожиакбар Рўзиметов сингари юртимиз эстрадаси юлдузларининг чиқишлари барчани хушнуд этди. Шоу давомида ташкил этилган модалар кўргазмасида модельер ва дизайнерлар томонидан тайёрланган ўзига хос миллий ва замонавий либослар намойиш этилди.
Сўнг меҳмон ва томошабинлар жаҳон эстрада юлдузлари Acsent, Fly Project гуруҳларининг чиқишларидан баҳраманд бўлди.
Шундай қилиб, Хонободда илк бор ўтказилган, унутилмас таассуротлар, ранг-баранг тадбирларга бой “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада фестивали якунига етди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА