“Дунё садолари” фестивали бошланди
Бугун Андижоннинг энг хушманзара шаҳри бўлган, Фарғона водийсининг туризм марказига айланаётган Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” II халқаро миллий эстрада санъати фестивали бошланди.
Тадбир давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизнинг миллий эстрада санъатини дунёга танитиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, мамлакатимиз, хусусан, Хонобод шаҳрининг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил қилинган. Мамлакатимизда иккинчи бор ўтказилаётган ушбу халқаро миллий эстрада санъати фестивалида дунёнинг қатор давлатларидан эстрада санъати гуруҳлари, хонандалари, шунингдек, мамлакатимиз эстрада санъати юлдузлари иштирок этади.
– Вилоят ҳокимлиги раҳбарлигида фестивални юқори савияда ўтказиш учун зарур барча тайёргарлик ишлари амалга оширилди, – дейди Хонобод шаҳар ҳокими Машъалбек Тожибоев. – Қизиқарли ва ранг-баранг дастурларга бой фестиваль ишонаманки, иштирокчилар, ҳамшаҳарларимиз, шаҳримиз меҳмонлари қалбида унутилмас таассуротлар қолдиради.
Фестиваль иштирокчи ва меҳмонларининг хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш, йўл ва транспорт воситалари тирбандлиги келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Хонобод шаҳридаги оммавий тадбирлар ўтказиладиган барча ҳудудларга, йўл ва чорраҳаларга кузатув камералари ўрнатилди, Wi-Fi интернет зонаси ташкил этилди, меҳмонларга хизмат кўрсатувчи гид ва волонтёрлар гуруҳлари шакллантирилди. Шаҳарнинг турли ҳудудларида миллий ва Европа таомлари тайёрлайдиган кўплаб ошхоналар фаолияти йўлга қўйилди, банкоматлар ўрнатилди.
[gallery-18479]
Аҳоли, сайёҳлар ва юртимиз меҳмонларининг Хонобод шаҳрига бориши, келиши учун Андижон – Хонобод поезди қатнови йўлга қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, 29-31 июль кунлари бўлиб ўтадиган “Дунё садолари” II халқаро миллий эстрада санъати фестивали доирасида юртимиз эстрада юлдузлари билан бир қаторда Dianella (Қозоғистон), Jah Khalib (Қозоғистон), Megan (Бельгия), Jony (Озарбайжон), Инна (Руминия) сингари жаҳон эстрада санъати юлдузлари иштирок этади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари