Дунё кимёгарлари Термизда кенгашмоқда
Термиз давлат университетида академик Абдуали Ғаниев ва академик Нусрат Парпиев хотирасига бағишланган “Комплекс бирикмалар кимёси ва аналитик кимё фанларининг долзарб муаммолари” мавзуида хорижлик олимлар иштирокида республика илмий-амалий конференцияси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Термиз давлат, Ўзбекистон Миллий университетлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари И. Сафаров, Термиз давлат университети проректори Р.Тўраев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги С.Негматов иштирок этди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаб, Янги Ўзбекистонни янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Халқаро ва республика миқёсида ўтказилаётган илмий анжуманлар, симпозиум, семинар ва бошқа илмий тадбирлар илм-фан нуфузини янада ошириб, халқаро илмий-техник ҳамкорлик кўламини кенгайтиришда муҳим ўрин тутаётгани, олимлар ва илмий тадқиқотчиларни кўпроқ изланиб, янгилик яратишга ундаётгани қайд этилди.
Бу жараёнда илм-фан фидойиларининг энг яхши инновацион ишланмаларидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кенг фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Термиз давлат университети олимлари ва тадқиқотчиларининг тўртта илмий лойиҳаси Олтинсой инновацион туманида жорий этилди. Мазкур лойиҳалар ҳудудда кимё саноатини ривожлантириш баробарида янги иш ўринлари барпо этиш ва одамларнинг турмуш даражасини юксалтиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда академик Абдуали Ғаниев ва академик Нусрат Парпиевларнинг ҳаёт йўли, ўз даврида кимё фани ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр алмашилди. Барчага ибрат бўладиган ажойиб фазилатлари ёдга олинди.
–Менга иккала кимёгар олим билан бирга меҳнат қилиш насиб этган,– дейди академик Соибжон Негматов.– Уйларида бўлганмиз. Академик Нусрат Парпиев шотутни жуда севиб истеъмол қилар эди. У пайтлар биз ёш эдик. Бир йил баҳорда домлага шотут териб бердим. Шунақа қувондиларки, ҳали-ҳануз ўша ҳолат кўз олдимдан кетмайди. Абдуали Ғаниев эса чорва билан шуғулланар эди. Бир сафар уйига борганимда “Соибжон биласизми, мана шу қўйларни парваришлашдан завқ, куч оламан. Бир зум беда, ем ейишини кузатсам шундоқ чарчоғим чиқади. Шундан сўнг яна илмий ишларим билан машғул бўламан. Чорвачилик яхши касб”, деган эдилар. Илмий-амалий конференциянинг ялпи мажлисида уч нафар академик, 70 дан ортиқ фан номзоди ва фан докторлари, кўплаб ёш тадқиқотчилар иштирок этмоқда. Уларнинг ўндан ортиғи кимёгар олима аёллардир.

Анжуманда мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан бирга Япония, Хитой, Ҳиндистон, Италия ва Россия каби давлатлар олимлари, илмий тадқиқотчилари қизиқарли маърузалари билан онлайн ва офлайн қатнашмоқда.
–Анжуманнинг ялпи мажлисида ҳозирги глобал иқтисодиётда илм-фан инновацияларининг ўрнига бағишланган маърузам билан қатнашдим, – дейди Ўзбекистон-Япония ёшлар инновацион маркази ходими, профессор Яногида Юкинори.– Унда инновацияни нафақат иқтисодиётда қўллаш балки, кимё, металлургия саноатларида инновациянинг ўрни ва аҳамияти, қўллаш усуллари тўғрисида фикр алмашдик. Кимё фани билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама этилаётган конференцияга таклиф этишгани учун ташкилотчиларга самимий миннатдорлик билдираман. Конференция ялпи мажлиси иштирокчилари уч кун давомида маҳаллий ва хорижлик кимёгарларнинг таркибида азот, фосфор, олтингугурт бўлган иммобилланган лигандларнинг нодир металлар билан координацион бирикмалари, аралаш лигандли икки ядроли металлокомплекслар синтези ва тадқиқоти, платиноидларнинг эритмаларда комплекс ҳосил қилиш механизми, саноат иккиламчи хом ашёси асосида катионитлар синтези, нанокомпозит электродларни ишлаб чиқариш ва қўллаш, заҳарли ва портловчи газларни аниқловчи яримўтказгичли сенсорлар яратиш каби янги илмий маърузаларини тинглаб муҳокама этади.

–Шунингдек, ялпи мажлисга экологик хавфсиз биоактив бирикмалар-атранлар ишлаб чиқиш ва тадқиқ қилиш, олдиндан ишлов бериш жараёнини оптималлаштириш, синтетик ва табиий коагулянтларга эътибор қаратган ҳолда коагуляция ва флокуляция, биосенсор қурилмаларида кремний органик ҳосилалари асосидаги оксидланиш-қайтарилиш, фаол полимерлардан фойдаланиш мавзуларидаги янги илмий маърузалар ҳам киритилган, –дейди Термиз давлат университети профессори Шерзод Қосимов.– Бу маърузалар кимё фанининг ҳозирги ва келгуси тараққиёт босқичларида муҳим ўрин тутади. Илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга хизмат қилади.
Кимё соҳасидаги нуфузли конференциянинг Термиз давлат университетида ўтказилаётгани бежиз эмас. Вилоятдаги йирик олий таълим муассасасининг кимё факультети моддий-техник базаси мустаҳкамланиб бормоқда. Замонавий лабораториялар барпо этилаётир. Учта ихтисослик бўйича 2 та илмий даража ҳимоя қилинадиган илмий кенгаш фаолият юритмоқда. Илмий-тадқиқот йўналишида амалий ва инновацион лойиҳалар устида қатор изланишлар амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда олиб борилган самарали илмий-тадқиқот ишлари натижасида сўнгги беш йилда 19 нафар ёш кимёгар илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. 12 та илмий унвон тасдиқланди. Жорий йилда яна олти нафар тадқиқотчи диссертация ҳимоясини амалга оширишга пухта ҳозирлик кўрмоқда. Факультетда 3 нафар фан доктори, профессор, 12 фан номзоди, фалсафа доктори (PhD), доцент талаба-ёшларга фан сирларини чуқур ўргатмоқда.
Илмий-амалий конференциянинг ялпи мажлисида тақдим этилаётган маърузалар юзасидан мамлакатимиз ва хорижлик кимёгар олимлар, илмий тадқиқотчилар жонли ва онлайн фикр-мулоҳазаларини билдириб, мавзулар муҳокамасида фаол иштирок этмоқда. Анжуман жорий йилнинг 21 май куни якунланади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири