Дунё кезган рассомлар кўргазмаси
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Василий Юрьев, Андреа Салзман, Дмитрий Юрьев ва Анна Юрьеваларнинг “Террагенезис” номли кўргазмаси бўлиб ўтди.
Рассомларнинг ижодий ишларини кузатар экансиз, алоҳида мазмун, такрорланмас ғоя ва турли хил кўринишларни кўриш мумкин.
Василий Юрьев 1954 йилда туғилган. У институтни тамомлагач, Санкт – Петербург театр академиясида тажриба орттирган. Рассом Тошкент ва МДҲ давлатлари театрларида 100 дан ортиқ спектаклларни саҳналаштирди. Шунингдек, АҚШ, Германия, Россия ва Исроилда ҳам ҳамкорликда ижодий фаолият олиб борди. Василий Юрьев ажойиб рангтасвирчи ҳамдир. Унинг ижоди чуқур маъно ва ёрқинликка эга. Кўплаб республика ва халқаро кўргазмалар ҳамда Биеннале иштирокчиси. Асарлари Япония, Германия, АҚШ, Исроил каби кўпгина давлатларда шахсий коллекцияларда сақланади.
Салзман Андреа 1973 йил Руминияда туғилган. Бутун болалик ва ўсмирлик даврларида ўзида санъатнинг барча турларини синаб кўрган. Жумладан, акварель, графика, керамика, наққошликни чуқур ўзлаштирди. Болалигидан ёрқин ранглар шайдоси бўлган. Дипломатик хизматлари боис Ямайка, Польша, Украина, Тожикистон ва ҳозирда Ўзбекистонда яшаб келмоқда.
[gallery-2685]
Ижодий изланишлари давомида Андреа абстракт санъати билан қизиқиб, ранглар уйғунлигидан усталик билан фойдаланади. Унинг асарлари ҳаяжонни ифодалаш мумкин бўлган ғоя ва томошабиннинг ўз фикрларини билдиришга ундайдиган жараёнлар билан бойитилган.
Андреа айни пайтда Ўзбекистонда ўқитувчилик фаолиятини олиб бормоқда. Катта давраларда инглиз тили ва санъат ҳақида маърузалар ўқийди.
Рассом ва кулол Дмитрий ҳамда Анна Юрьевлар 1982 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1999-2004 йилларда П.П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртининг “Бадиий кулолчилик” бўлимида таҳсил олган. Сўнгра иккала ижодкор турмуш қурган.
Анна Юрьева 2007-2012 йилларда Еврий агентлигининг кулолчилик тўгарагини бошқарган. Дмитрий эса 2009-2014 йилларда “Анор” галереясида кулолчилик тўгарагига раҳбарлик қилган. Дмитрий ва Анна 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзолари. Улар кулолчилик, батик ва фелтинг билан доимий шуғулланиб келади ва маҳорат дарсларини ўтказади.
Дмитрийнинг “Шарқ лирикаси”, “Ой нуридаги тун” , “Сувсиз” каби кулолчилик намуналари реал воқеликни тасвирлайди. Улардаги ранг, шакл ва сокинлик томошабинга ҳузур бағишлайди.
Гулноза БОБОЕВА,
ЎзА