Охирги кунларда интернетда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган фотосурат пайдо бўлди. Унда Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тереза Мей гўёки ўсмирлик чоғида бирга акс этган. Сурат оқ-қора форматда бўлиб, унга шундай матн ёзилган:
“Уч болаликдаги дўст вояга етиб, уч хил давлатни бошқариши эҳтимоли қанчалик юқори?”
Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган ушбу фотосурат 25 июль куни эълон қилинган бўлсада, 1 миллионга яқин кўрилиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Аммо фото текширувчи журналистик платформаларининг хулосасига кўра, бу фотосуратдаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Аниқланишича, мазкур сурат 2015 йили “Time” журналида чоп этилган. Нашр мақоласида Ангела Меркель “Йил одами” номинациясига номзод қилиб кўрсатилган.
Суратдаги аёллардан бирини Урсула фон дер Ляйен дейилишига қарамай, аслида унга ўхшаш бошқа одам акс этганлиги маълум қилинган. Европа Комиссияси ҳатто расман Урсуда фон дер Ляйеннинг бу суратда эмаслигини тасдиқлаган. Шунингдек, фотосуратдаги қизлардан бирини Тереза Мей деб кўрсатилиши ҳам нотўғри эканлиги маълум бўлди. Сабаби, Тереза Мейнинг болалик суратлари жумладан, “Daily Mail” ва бошқа нашрларда чоп этилганлари унга умуман ўхшамайди.
Энди муҳим биографик маълумотларга эътибор берсак, ушбу суратдаги шахсларнинг бир вақтда бир маконда бўлиш эҳтимоли деярли йўқ. Масалан, Ангела Меркель 1954 йилда Гамбургда туғилган, лекин уч ойлик пайтда оиласи билан Шарқий Германияга кўчиб ўтган. Болалиги ва ўсмирлиги асосан Темплин шаҳрида кечган. Урсула фон дер Ляйен эса 1958 йилда Брюссельда туғилиб ёшлигининг дастлабки йилларини яъни, 1971 йилга қадар Бельгияда ўтказган. Англия собиқ Бош вазири Тереза Мей эса 1956 йилда Англияда Оксфордширда туғилган ва болалигини шу ерда ўтказган. Лондондаги хусусий мактабларда таълим олган. Ёшлигиданоқ Британия черковига яқин муҳитда ўсган, чунки унинг отаси руҳоний эди.
Бундан келиб чиқадики, ушбу уч аёл сиёсатчи турли мамлакатларда ва турли маданий муҳитларда ўсиб вояга етишган. Шунинг учун улар бир вақтда, бир жойда бўлиб биргаликда суратга тушган, деган даъво асоссиз ва ҳақиқатга зид. Демак, бу фотосуратлардаги ўсмир қизлар биз айтаётган аёллар эмас.
Унда нотўғри маълумот тарқатиш нима учун керак? Бундан кўзланган мақсад нима? Журналистик текширув платформаларининг хулосаларига кўра, бу каби фотосуратлар ва нотўғри таърифлар кўпинча фитна назариялари ва маълумотлар билан манипуляция қилувчи аккаунтлар орқали тарқатилади. Улар Европадаги сиёсий институтлар, жумладан, Европа Иттифоқи раҳбарларининг сиёсий легитимлигини шубҳа остига қўйишни кўзлайди. Чунки, гарчи у мутлақо ёлғон маълумот бўлсада, уни аниқлаб ҳақиқатнинг тагига етгунга қадар ўша шахснинг обрўси хавф остида қолиши мумкинлигини билишади.
Ҳозирги кунда манбанинг рост ёки ёлғонлигини аниқлаб берувчи платформалар мавжуд. Улар ёрдамида ёлғон маълумотларни фош этиб ҳақиқатни аниқлаш жуда муҳим. Ушбу суратдаги каби хабарлар ахборот хавфсизлиги ва жамоатчилик ишончини сақлаш учун алоҳида диққат билан ўрганилиши зарур. Ахборот хавфсизлиги ва жамоатчилик онгини манипуляция қилишга қарши туриш замон талаби бўлиб қолмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/f3G8ZL92w_0" title="Dugonalarbormisiz, omonmisiz..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА