Дуал таълимда амалий кўникмалар ривожланади. Талабаларга назарий билимларни амалий тажриба билан уйғунлаштириб таълим олиш имкони берилади. Муваффақиятнинг асосий омилларидан бири эса таълим муассасалари ва корхоналар ўртасидаги хамкорликдир.
“Инно” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки ва Тошкент шаҳридаги Беларусь - Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ҳамкорлигида дуал таълим дастури амалга оширилди.

Муҳандислик-техник йўналишларда таҳсил олаётган талабалар назарий ва амалий машғулотларни технопарк шароитида ўташди. Машғулотлар давомида талабалар замонавий ишлаб чиқариш технологиялари, ускуналар билан ишлаш, ишлаб чиқариш жараёнини бошқариш, муаммоларни амалий ечиш каби кўникмаларни эгаллади.

Ушбу дастурни тамомлаган талабалар сертификатлар билан тақдирланди. “Инно” технопарки ва институт ўртасидаги ҳамкорлик асосида янги ўқув гуруҳлари учун дуал таълим дастурларини давом эттириш режалаштирилган. Соҳа вакилларининг фикрича, ушбу тизим талабаларнинг малакаси ва касб маҳоратини, ҳам меҳнатни ташкил этиш самарадорлигини оширади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА