Сурия жанубидаги Сувайда шаҳрида друзлар гуруҳи ва бадавий қабилалар ўртасидаги тўқнашув тўхтади, деди мамлакат Ички ишлар вазирлиги вакили Нуриддин Ал-Баба.
— ИИВ томонидан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни амалга ошириш ва ўз кучларини Сувайда вилояти шимолий ва ғарбий ҳудудларига жойлаштириш бўйича жадал саъй-ҳаракат натижасида қабила жангарилари ҳудудни бутунлай тарк этди, тўқнашувлар тўхтади, — дейилган “Syria TV” ахборотида.
13 июль куни вилоятдаги друзлар аҳоли манзилларига қуролли тўдалар томонидан ҳужум уюштирилгандан кейин минтақада вазият кескинлашди. Натижада друзлар мудофаа бўлинмалари аҳолини ҳимоя қилиш учун жангга киришди.
Сешанба куни Дамашқ туқнашув юз берган ҳудудга қўшин ва ИИВ кучлари киритилганини эълон қилди. Амалиётдан кўзланган мақсад ноқонуний гуруҳларни йўқ қилиш экани айтилди.
Мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, зиддият чоғи 30 дан кўп одам ҳалок бўлган, 100 га яқин инсон жароҳатланган. Сурия ўтиш даври ҳукуматининг 20 нафар жангчиси ҳам ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Чоршанба куни Исроил ҳаво кучлари друзлар жамоасини ҳимоя қилиш мақсадида Дамашқдаги Бош штаб ва Президент саройига зарба берди. Кейинроқ Сурия хавфсизлик кучларидаги манба "Ал-Жазира" телеканали мухбирига барча ноқонуний гуруҳлар Сувайдани тарк этгани ҳақида гапирган.
Шанба куни Президент Аҳмад Аш-Шараъ мамлакат жанубида кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш бўйича кўрсатма берди ва барча томонларни қоидага риоя қилишга чақирди.
С.Раҳимов, ЎзА