«Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг ЎзАга хабар беришича, А-373 «М-39 Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон орқали-Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган айрим жойларида тунда, соат 2:30 ларда қор ёғишни бошлаб, тонгга яқин тинган.
Қор ёғиб турган пайтда довонда транспорт воситаларининг бетўхтов, икки томонлама ҳаракатланишини таъминлаш учун йўлларни қордан тозалашга корхона томонидан 135 та техника ва 345 нафар ишчи жалб қилинган. Айни пайтда Қамчиқ довони йўллари тоза. Транспорт воситалари хавфсиз ҳаракатланмоқда. Йўлларда кўриниш 300 метрни, ҳаво ҳарорати 0 даража, намлик 86 фоизни ташкил этмоқда. Шамол тезлиги – 8-12 м/с.
Маълумот учун, ҳозир довонда ҳаво булутли, яна қор ёғиши кутилмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда довондан ўтишга отланган ҳайдовчилардан хавфсизлик чораларини кўриш сўралади.
А.Мусаев, ЎзА