Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги “Довгистов” кони ташкил этилганига 20 йил тўлди.
Ушбу сана муносабати билан меҳнат жамоаси, соҳа фидоийлари ва корхонада узоқ йиллар ишлаб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган нуронийлар иштирокида тадбир ўтказилди.
Иштирокчилар “Яшил йиллик” лойиҳаси доирасида чўл иқлимига мос манзарали дарахт кўчатларини ўтқазди.
Тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бош директори Қувондиқ Санақулов кончилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ишчи-ходимларга яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди.
“Довгистов” кони мустақил Ўзбекистон тарихида иш бошлаган дастлабки конлардан бири бўлиб, 3-сонли гидрометаллургия заводининг хомашё базаси ҳисобланади. Ўтган 20 йил ичида коннинг узунлиги қарийб 3 минг метрга етказилди. Айни пайтда эса кон умрини узайтириш мақсадида геологик қидирув ишлари олиб борилмоқда.
– Президентимиз томонидан белгилаб берилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида, аввало, мамлакатимизда яқин келажакда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди, – дейди Қувондиқ Саноқулов. – Жумладан, бошқа соҳалар қаторида кон-металлургия саноатида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилади. Бугунги кунда “Пистали” кони негизида йилига 4 миллион тонна олтин таркибли маъданни қайта ишлайдиган 6-гидрометаллургия заводининг қурилиши бошлаб юборилди. Шунингдек, яқин йилларда “Нуқракон” ва “Косманачи” конларидан кумуш таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуалари қурилиши ҳамда “Турбой”, “Қорақўтан” олтин конларида маъданларни қазиб олиш каби йирик лойиҳалар амалга оширилади.
Албатта, комбинат мамлакатимиз саноатининг энг йирик корхоналаридан биридир. Қизилқум саҳросининг бепоён кенгликларида бундан 20 йил олдин ташкил этилган “Довгистов” конида инвестицион лойиҳалар доирасида замонавий кон-техника ва технологиялари ўзлаштирилди. Бугун конда 17 та каръер экскаватори ҳамда 10 та замонавий бурғулаш ускуналаридан фойдаланилмоқда. Тоғ жинсларини чиқариш “БелАЗ” ва “Комацу” русумли автоағдаргичларда амалга оширилмоқда.
2017 йилда ишга туширилган циклли-узлуксиз технологияси эса конда миллионлаб кубометр тоғ жинсларини конвейер ленталари ёрдамида чиқариб бермоқда.
– Ўтган 2021 йилда кон ташкил топгандан буён қазиб чиқариш бўйича рекорд натижа қайд этилди, яъни “Довгистов” ва “Мағрибкон” карьерларидан 33 миллион кубометрдан ортиқ кон массаси қазиб олинди ва кон жамоаси фаолият бошлаганидан то бугунги кунга қадар 3-сонли гидрометаллургия заводига 216 миллион тоннадан зиёд маъданни етказиб берди, – дейди кон бошлиғи Шерзод Ҳамроев. – “Довгистов” конини қазиб олиш лойиҳасининг 2-босқичи бўйича эса кон ишлари 2024 йилга бориб якунига етади. Ҳозирда келгуси лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида геология-қидирув ишлари жадал олиб борилмоқда.
Тадбирда корхона ишчи-ходимларининг бир гуруҳи 1-, 2-, 3-даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, “Фахрий ёрлиқ” ҳамда қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.
– “Довгистов” кони ташкил этилганининг 20 йиллиги нишонланмоқда, – дейди кон бош маркшрейдери Шаҳобиддин Гадоев. – Меҳнатларим юксак баҳоланиб, сана муносабати билан менга 3-даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони берилди. Албатта, бу каби эътироф ва эътибордан мамнунмиз. Белгиланган режа-топшириқларни ортиғи билан уддалашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Тадбир доирасида йиғилганлар “Довгистов” кони кузатув майдончасида бўлиб, техникаларнинг ҳаракатланиш жараёнини кузатди ва кон фаолияти билан яқиндан танишди.
Абдували Бўриев, ЎзА