Дўсту қардошдир азалдан ўзбегим тожик билан
Ўзбеку тожик урф-одати, дини, мазҳаби, тарихий илдизи, тўй-азаси бир халқ, тиллари кўп жиҳатдан ҳамоҳанг, бир-бирини тўлдирувчи, қўллаб-қувватловчи эл. Қадим замонлардан Мовароуннаҳр ва Хуросон, қолаверса бутун Марказий Осиё ҳудудида аҳил-иноқ ҳаёт кечириб келмоқда.
Миллий адабиёти, анъана ва қадриятлари, санъат ва маданияти ҳам муштарак шаклланиб, ривожланиб келмоқда. Шунинг учун ҳам ўзбек ва тожиклар ҳақида гап кетганда икки тилда сўзлашувчи бир халқ дейишади. Ва бу айни топиб айтилган гапдир. Бу хусусият, айниқса буюк мутафаккир шоирлар Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий тимсолида, уларнинг ижодида бор бўй-басти билан намоён бўлади.
Жуда кўп сўз ва атамалар, жумладан ватан, диёр, дилбар, офтоб, нур, муҳаббат, садоқат, шараф, ҳалол, ор-номус, табиат, ҳаё ва бошқалар ўзбек ва тожик тилларида бир хил янграйди, қадрланади. Турмуш тарзимиз, таомларимизда ҳам ўхшаш жиҳатлар бисёр. Уй-жой қуриш архитектураси, яъни айвон, даҳлиз, токча, тахмон, пойга, дарвозахона, меҳмонхона, дастурхон сингари атамалардаги мазмун-мантиқ рўзғор тутумидаги ўхшашлигимизни ифода этади.
Ота-онани эъзозлаш, опа-сингил, ака-ука, фарзанд-неварага эътиборнинг жуда нозик қирралари, маънавий ришталари катта-катта оила ва хонадонлардаги гўзал анъаналарни намоён этиб туради.
Умуман олганда, ўзбек ва тожик халқлари бир дарёнинг икки соҳили, бир рубоийнинг икки байтидек ажралмас, яхлит ва уйғундир. Бу азалий алоқалар, ҳамкорлик ва барқарор маънавий муҳит, айниқса кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди, ўзгача шакл ва мазмун касб этди.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон республикасига ташрифлари ва ўз навбатида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифини алоҳида таъкидлаш жоиздир. Мазкур ташрифлар ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, яхши ва яқин қўшничилик алоқаларини янги сифат босқичига кўтарди. Давлатлараро сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ҳамкорлик мисли кўрилмаган миқёс ва ҳажмда давом этишига имконият яратилди. Неча йиллар ёпиб қўйилган чегараларнинг очилиши, виза тартибларининг бекор қилиниши икки мамлакат халқларининг қуда-андачилик, дўстлик, қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашларига хизмат қилмоқда.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси томонидан Тожикистоннинг Хўжанд ва Регар шаҳарларида олий таълим муассасаси филиали ва умумтаълим мактаби бинолари бунёд этилиб, ўқувчи ва талабаларни ўз бағрига олган эди. Бу йил эса шу кунларда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида Тожикистон Республикаси томонидан қурилган барча шарт-шароит ва қулайликларга эга мактаб биноси очилиш арафасида.
Самарқанд вилоят Тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази ушбу имкониятлардан фойдаланиб дўстлик, инсонпарварлик, миллий ва умумбашарий анъаналарни мустаҳкамлаш, адабий алоқаларни кенгайтириш, икки миллат ижодкорлари асарларини нашр қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг натижасида кейин уч-тўрт йилда “Саодати дўсти”, “Айнишунослик Самарқандда”, “Си гуфтор аз си тор”, “Армуғон”, “Субҳ ба хайр” номли шеърий-публицистик китоблар чоп қилинди.
Марказимиз томонидан йил якунига қадар “Наврўз дар шеъри Ажам” китобини ҳамда Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” тўпламини тожик тилида нашр этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, йил бошидан буён таниқли адабиётшунос олим Холиқ Мирзозода, Садри Саъдиев, адиблар Ҳабиб Юсуфий, Абдусалом Деҳотий, Лоиқ Шерали, Мирзо Турсунзода, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов ва бошқаларнинг хотира, ижодий кечалари уюштирилди.
Энг қувонарлиси, шу йил 21 март куни Самарқанд аҳли учун қўшалоқ байрам бўлди. Наврўз тантаналари доирасида Самарқанд шаҳрида “Дўстлик уйи” очилди. Бу ерда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда 11 та миллий маданий марказлар жойлар ажратиб берилди. Бугун барчамиз ана шу бинода, том маънода ягона оила бўлиб, жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти ва юртимизда яшаётган миллат ва элатлар фаровонлиги учун меҳнат қиляпмиз. Бу ташаббусни юртимиздаги умрбоқий дўстликка қўйилган маънавий ҳайкал, деб ҳисоблаймиз.
Акбар МАҲМУДОВ,
Самарқанд вилояти
Тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази раҳбари
ЎзА