Нурафшон шаҳридаги амфитеатр ҳудудида миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини асраш мақсадида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Дўстлик” фестивали ташкил этилди.
Республикамизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари мустақиллик шарофати билан ўзаро аҳиллик ва тинч-тотувликда ҳаёт кечирмоқда. Тошкент вилояти ҳам республикамизнинг энг кўп миллатли ҳудудларидан биридир. Вилоят аҳолисининг таркибини рус, тожик, қозоқ, қирғиз, корейс, немис ва қатор бошқа миллат вакиллари ташкил этади. Шу билан бирга, жами 30 та миллий маданий марказлар фаолият олиб бормоқда.

Бутун республикамизда бўлгани каби вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларига ҳам ўқиш, ишлаш, яшаш ва миллий урф-одат ва қадриятларни асраш, тарғиб қилиш, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида ўзларини намоён этишлари учун тенг шароитлар ва кенг имкониятлар яратилган.

Ўтказилган тадбирда қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, корейс, озарбайжон, бошқирд ва бошқа 13 та миллат вакиллари ва вилоят миллий маданий марказлари, “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси, ЎзННТ миллий Ассоциацияси вилоят бўлим вакиллари иштирок этди. Шунингдек, миллий маданий марказларнинг миллий урф-одатлари мужассамлашган кўргазмалар, адабиётлар, ҳунармандчилик намуналари ҳамда миллатлараро муносабатларга бағишланган фотокўргазмалар намойиш этилди.


Санъаткорлар ҳамда миллий маданий марказлар, фольклор гуруҳлари жалб этилган ҳолда “Дўстлик оҳанглари” гала концерти ўтказилди. Миллий маданий марказлар вакилларига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари тақдим этилди.
А. Мусаев, ЎзА.