Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги Маданият марказида Жиззах вилоят судлари ҳамда вилоятдаги Президент Халқ қабулхонаси масъуллари иштирокида Арнасой, Дўстлик ва Мирзачўл туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабулда вилоят судлари томонидан жами 15 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Уларнинг 11 нафари фуқаролик, 1 нафари жиноят ҳамда 3 нафари маъмурий судларга оид масалалардир. Ана шу мурожаатларнинг 14 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 1 таси жойида ижобий ҳал этилди.
Жумладан, сайёр қабулда фуқаро Шарофат Фозилованинг унга нисбатан солиқ органи томонидан қўлланилган 3 миллион 750 минг сўмлик жарима жазосининг миқдорини камайтириш ҳақидаги илтимосномаси сайёр суд тартибида кўриб чиқилди ва унга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар, энг аввало, инсон манфаатлари учун хизмат қилмоқда. Зеро, бугун қайси соҳада бўлмасин одамларни рози қилиш давлат идоралари фаолиятининг бош мақсади бўлаётир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари