Дўстликда ҳар бир ёш доимий эътиборда
Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокими сафарбарлик чақируви резерви хизматига чақирилган, “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган, тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган ҳамда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган эҳтиёжманд оилалар талаба-ёшлари билан учрашувди.
Тадбирда Жиззах вилояти, Дўстлик тумани ҳокимликлари, тумандаги секторлар, мудофаа ишлари, Ёшлар агентлиги вилоят ва туман бошқарма ва бўлимлари ходимлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Туман ҳокими Шавкат Дарвишев, Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акмал Савурбаев сўзга чиқиб ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 июндаги “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ёшларга ижтимоий кўмак бериш мақсадида 22 турдаги ёрдам берилаётгани таъкидланди.
Дўстлик туманида ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали ёшларни хатловдан ўтказиш, уларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш борасида самарали ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилда 14 минг 265 нафар ёш хатловдан ўтказилиб “Ёшлар баланси” шакллантирилди. Хатлов натижасида “Ёшлар дафтари”га 437 нафар йигит-қизлар киритилган бўлиб, уларнинг барчасига амалий ёрдам берилди ва қўллаб- қувватланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида Қорақалпоғистон Республикасида ёшларнинг таклиф ва истакларини ўрганиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш бўйича “Нукус шаҳар тажрибаси” яратилди. Жорий йилнинг 7-9 сентябрь кунлари Республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятига ўрганишлари давомида Дўстлик тумани намуна сифатида танлаб олинди ва “Нукус шаҳар тажрибаси” асосида ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш, маҳаллаларда “Ёшлар баланси”ни шакллантириш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар ишлари агентлиги ва сектор раҳбарлари иштирокида штаблар фаолияти йўлга қўйилди.
[gallery-9421]
Ўтказилган қайта хатлов натижаларига кўра, 13 минг 764 нафар ёш йигит-қизлар баланси шакллантирилди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари ва бандлиги таъминланмаганларни “Ёшлар дафтари”га киритиш учун ёшлар етакчилари томонидан тавсия этилди. Тавсия этилган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш учун жами 1 миллиард 802 миллион сўм маблағ ажратиш зарурлиги аниқланди. Бугунги кунда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
Яқинда 53 нафар сафарбарлик чақируви резервига жалб этилган ёшларга 257 миллион 47 минг сўмлик бадал пуллари “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди ва уларнинг бир гуруҳи бир ойлик ҳарбий йиғинда хизматни ўташи учун тантанали равишда кузатиб қўйилди.
– Жорий йилнинг 7 сентябр кунидан бошлаб тумандаги 12 та маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар етакчилари томонидан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганларни хатловдан ўтказиш жараёни бошланди, – деди туман ҳокими Шавкат Дарвишев. –Бугунги кунга келиб 12 та маҳаллада хатлов жараёнлари тўлиқ якунланди. 13 минг 764 нафар йигит-қизлар баланси шакллантирилди, 7 нафар ёшнинг ҳайдовчилик курслари ҳаражатлари учун базавий ҳисоблаш миқдори(БҲМ)нинг 4 баравари миқдорида жами 8 миллион 400 минг сўм маблағ тўлаб берилиб, ёшлар ўқув курсларига жалб этилди. Шунингдек, 35 нафар ёш “Замонавий касблар” лойиҳаси доирасида ўқув курсларига жалб этилиб, ўқув курслари харажатлари учун 27 миллион 730 минг сўм тўланди.
Булардан ташқари, тумандаги 97 нафар эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган талабаларга ўқув контракт-шартнома маблағлари ҳамда 71 нафар ёшларнинг тадбиркорлик қилиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида субсидия тарзида меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб бериш режалаштирилгани ҳам алоҳида таъкидланди. Тадбирда тумандаги ҳар бир ёш доимий эътиборда бўлиши, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши қайд этилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА