Дўстлик,бирдамлик мусобақаси
Юртимизда уюшмаган ёшларни оммавий спорт турларига жалб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, чекка-чекка маҳаллаларда ушбу эзгу мақсад доирасида турли хил спорт мусобақалари ташкил этилиб, фаол ёшлар рағбатлантирилмоқда.
Масалан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 2-сектор ҳудудидаги маҳаллалар ёшларидан ташкил топган 14 та жамоа ўртасида мини футбол мусобақаси ташкил этилди.

Кескин ва муросасиз кечган баҳсларда жамоалар ўзаро баҳслашди. Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин Мактобод МФЙ ёшларига насиб қилган бўлса, 2-ўринни Янгиобод МФЙ ёшлари қўлга киритди. Нурафшон МФЙ ёшлари эса 3-ўринга муносиб кўрилди.

– Бу каби мусобақалар нафақат бизни бирдамликка чорлайди, балки соғлигимизни мустаҳкамлашимизга хизмат қилади, – дейди “Мактобод” жамоаси сардори М.Хомидов. – Мусобақа доирасида бир қанча дўстлар орттирдик, хуллас вақтимиз мазмунли ўтди.
Мусобақа ғолиблари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА.