Дўстлик ва тинчлик тараннум этилди
Қорақалпоғистон Республикасида мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида “Маънавият фестивали” якунланди.
Шу муносабат билан Нукус шаҳридаги амфитеатрда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат усталари иштирокида гала концет бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Н.Холбўтаев мазкур фестивалнинг аҳоли кенг қатлами, аввало, ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрнини ҳар томонлама очиб беришдаги аҳамиятига тўхталди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, Давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш мақсадида ташкил этилган фестивалда тарғибот гуруҳи аъзолари – санъаткорлар, маданият ва санъат соҳаси ходимлари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, иқтидорли ёшлар иштирокида Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида, чекка овулларида учрашувлар ташкил этилди.
[gallery-8432]
Фестиваль давомида “Мурувват” интернат уйларида яшайдиган ногиронлар, касалхонада ётган беморлар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Меҳр-мурувват ва саховат” лойиҳаси доирасида учрашувлар, “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китоби тақдимоти, маънавий меросимизнинг нодир намуналарини ҳамда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш мақсадида “Миллий қадриятлар” мавзусида учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, “Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик” мавзусида маданий-маърифий тадбирлар, аҳолига маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таништириш мақсадида “Маърифат улашиб” китобхонлик акцияси, Қорақалпоқ халқининг миллий ўйинларини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мақсадида “Қорақалпоқ миллий ўйинлари” спорт мусобақаси ўтказилди.
Таниқли санъаткорлар ва ижодкорлар ҳимояга муҳтож фуқаролар хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Жойларда киноижодкорлар билан учрашувлар ташкил этилиб, янги фильмлар тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат усталари ижросидаги халқлар дўстлиги, биродарлик ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар йиғилганларга шодлик улашди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА