Дўстлик ва ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар сўнгги йилларда янги, юксак даражага кўтарилди. Асрлар давомида шаклланган муштарак тарих, маданият ва тиллар икки қардош халқни янада яқинлаштирди. Бугунги кунда фан, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) академиясида тожикистонлик курсантларнинг таълим олиши мазкур ишончли шерикликнинг ёрқин амалий исботидир.

Мазкур таълим масканида Тожикистон Республикасининг муҳим тарихий санаси – Давлат байроғи қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбир ана шу дўстлик ришталарининг яна бир тасдиғи бўлди.
Тожикистон Республикаси давлат рамзларидан бири бўлган байроқ 1992 йил 24 ноябрда қабул қилинган. Бу сана миллий бирлик, мустақиллик ва ҳурлик тимсоли сифатида ҳар йили катта тантаналар билан нишонланади. ИИВ академиясининг Хорижий кадрлар билан ишлаш факультетида ўтказилган тадбир ҳам ана шу юксак қадриятларни улуғлашга бағишланди.

Профессор-ўқитувчилар ва тожикистонлик курсантлар иштирок этган тадбирда давлат рамзларига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром намоён этилди. Тадбир давомида ёш курсантлар сўз олиб, Ватан байроғига бўлган меҳр ва муҳаббатини дил сўзлари, шеърлар орқали ифодалади.
– Миллий ғурур, ватанпарварлик, мардлик, қасамёдга содиқлик сингари фазилатлар давлат байроғи, унда акс этган улуғвор ғоялар орқали қалбга кириб боради, – деди 2-босқич курсанти Умед Маҳмудзода. –Шу боис миллат байроғи барчамизни ягона мақсад йўлида бирлаштирувчи, она юрт ҳимояси учун курашга даъват этувчи беқиёс қудратга эга.
Тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан бири унинг нафақат Тожикистон миллий байрамига бағишлангани, балки ўзбек ва тожик халқларига хос бўлган муштарак қадриятлар ва дўстона алоқалар руҳида ўтгани бўлди.

Тантана давомида икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ривожланиши, мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида қилинаётган эзгу сайъ-ҳаракатлар ҳақида илиқ мулоҳазалар билдирилди. Бундай тадбирлар Ўзбекистон таълим муассасаларида хорижий курсантларнинг ўз миллий қадриятларини ардоқлаши учун яратилган қулай муҳитнинг ёрқин далилидир.
ИИВ академиясида ўтказилган ушбу тадбир Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик нақадар чуқур илдиз отганини кўрсатади. Хавфсизлик ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муваффақиятли кечиши минтақавий барқарорлик ва икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жамшид Холов,
ИИВ академияси Ахборот хизмати