Дўстлик ва биродорлик улуғланди
Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида “Бағрикенг Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остида “Диний бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Филиалимиз томонидан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикасидаги маданий марказ вакиллари ва талаба ёшлари иштирок этди.
Иштирокчиларга дастлаб “Ўзбекистон бағрикенг ўлка” мавзусидаги турли миллат вакилларининг миллий либослари ва китоблар кўргазмаси намойиш этилди. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакили тотув ва ҳамжиҳатликда яшаб, меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг урф-одат ва дастурларига ҳурмат билан қаралиб, ҳар бир миллатга тегишли миллий байрамлар кенг нишонланмоқда, 150 га яқин маданий марказлар фаолияти йўлга қўйилган.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам рус, украин, қозоқ, корейс ва туркман миллий маданий марказлари самарали ишламоқда. Кўп миллатли халқимиз бир мақсад, бир ғоя йўлида бирлашиб, мамлакатимизни ривожлантириш йўлида меҳнат қилаётир. Албатта, бу каби тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирда филиалимизнинг “Тумар” ансамбли, шунингдек, истеъдодли ёшлари томонидан қардош халқларнинг миллий кўшиқ ва рақслари ижро этилди. Тадбир сўнгида фаол иштирок этган профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан “Фахрий ёрлиқ” ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аманжол АЯПОВ,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти
Нукус филиали директори,
филология фанлари номзоди.
ЎзА