Дўстлик миллатни миллатга яқинлаштиради
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида Ўзбекистон-Қозоғистон ёшларининг 2 кунлик «Дўстлик кўприги» форуми бўлиб ўтди.
Қозоғистон ёшлари бу ерда шаҳарнинг янги қиёфаси ва"Дўстлик" канали билан танишди. Гулистоннинг янги қиёфаси меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Шундан сўнг Гулистон давлат университети ёшлари ҳамда "Келажак лидерлари" клуби аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. ГулДУ ёшлари Қозоғистонлик ёшлар билан бирга "Заковат" ўйинлари, турли савол-жавоб викториналарида қатнашди.

Қозоғистонлик ёшлар Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабига борди. У ерда Ўзбекистон ва Қозоғистон ёшларининг дўстлик учрашуви йирик маънавий ва маърифий тадбирга айланди. Ижод мактаби ўқувчилари ва вилоятнинг иқтидорли ёшлари томонидан тайёрланган чиқишлар намойиш этилди. Вилоятдаги ёш ижодкорлардан бири бўлган Ҳусниддин Ҳайитовга Қозоғистон ёзувчилар уюшмаси аъзолиги ҳамда "Абай" номидаги мукофот тантанали равишда топширилди.
Учрашув доирасида шеърлар, қўшиқлар ва рақслар икки миллат дўстлигини тараннум этди.

- Бундай учрашувлар икки давлат ёшлари дўстлигини мустаҳкамлабгина қолмай, давлатларнинг маданий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади - дейди форум иштирокчиси Умрбек Ержанов.- Шундан сўнг, вилоят ҳокимининг қабуллар уйида Ўзбекистон-Қозоғистон ёшлари раҳбарлари ўртасида меморандум имзоланди.

Келгусида амалга ошириладиган ҳамкорликдаги лойиҳалар келишиб олинди. Бу лойиҳалар келгусида ёшлар ташаббусларини амалиётда дўстона тарғиб қилиш имкониятини яратади. Меҳмонларга вилоят тадбиркорларининг фаолияти ҳам яқиндан таништирилди. Улар Сирдарё туманидаги йирик "Мега Люкс" корхонаси фаолияти билан танишиб, бу ерда олиб борилаётган яратувчанлик ишларини кузатиб, сирдарёлик тадбиркорлар фаолиятига юксак баҳо берди.
Қозоғистон ёшлари Сирдарё заминидан улкан таассуротлар билан ўз Ватанига жўнаб кетди. Икки кун давом этган форум икки миллат ёшларининг хотирасида узоқ йиллар муҳрланиб қолиши шубҳасиз.

Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА