Дўстлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Сўнгги йилларда юртимиз ўғил-қизлари жаҳоннинг кўплаб нуфузли олийгоҳларида таҳсил олмоқда. Шу ўринда мамлакатимизда ҳам чет эл фуқароларининг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун қатор қулайлик ва имкониятлар яратилган.
Бундан тўрт йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилган эди.
Марказнинг 750 ўринли ўқув биноси, қишки ва ёзги ошхона, фаоллар зали, ўқув хоналари, замонавий кутубхона, талабалар турар жойи биноси ва барча спорт турларига мўлжалланган ўйингоҳ афғон ёшлари хизматида.
[gallery-2280]
2018-2019 ўқув йили давомида 96 нафар афғонистонлик талаба “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналишида таҳсил олиб, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг “бакалавр” дипломига эга бўлди. Ҳозирда марказда 192 нафар йигит-қиз таҳсил олмоқда.
Талабалар марказда таълим олиш билан биргаликда, олий таълим муассасалари, вилоят ва республика миқёсида таъсис этилган кўрик-танловлар, мусобақалар, конференцияларда фаол иштирок этиб, қатор ютуқларга ҳам эришмоқда. Хусусан, уларнинг “Бойсун баҳори”, “Нурли наволар” халқаро фольклор фестиваллари ҳамда “Ёшлар келажак бунёдкори”, “Дўппи” миллий фестивали, “Марказий Осиё ёшлар форуми”, “Қувноқлар ва зукколар” танловидаги муваффақиятли иштироки диққатга сазовор.
Ўтган тўрт йил афғонистонлик талабалар ҳаётида улкан из қолдирганидан ҳам билиш мумкинки, ўзаро қўшничилик ва ҳамдўстлик алоқалари кун сайин мустаҳкамланиб бормоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ, ЎзА