“Дўрмон баҳори” IV адабий форуми бошланди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан "Дўрмон баҳори" IV адабий форуми ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларининг самарали ижод қилиши йўлида кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади.
[gallery-23569]
– Президентимиз ёшлар таълим-тарбиясини янада такомиллаштириш, уларни маърифатли инсонлар этиб камолга етказиш борасида янги ва долзарб ташаббусларни илгари сурмоқдалар, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Айтиш керакки, уюшмамиз, Адиблар хиёбони китобхонликни ривожлантириш, адабиётимизни тарғиб этиш борасида туну кун бедор фаолият кўрсатмоқда. Бу масканлар турли адабий анжуманлар, шеърият байрамлари, ижодий лойиҳалар тинмайдиган гўшага айланди. Бу йилги “Дўрмон баҳори” IV адабий форуми адабий инжуманининг ўзига хос жиҳати она тилимизни, Ўзбекистонимизни чексиз меҳр ва эҳтиром билан севадиган инсон, моҳир таржимон, шоир, ёзувчи ва публицист Николай Ильин таваллудининг 75 йиллиги билан уйғун тарзда нишонланмоқда. Ўзбек шеърияти намояндалари – Навоий, Бобур, Чўлпон, ХХ асрнинг забардаст шоирлари, бугунги кундаги моҳир ижодкорлар асарларининг Николай Ильин таржимасидаги намуналари халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилган.
- Дарҳақиқат, бугунги кунда адабиётга қаратилаётган эътибор турли тилларда ижод қилаётган ёзувчи ва шоирларни ҳам зўр илҳом ва иштиёқ билан қалам тебратишга чорламоқда, - деди Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. – Бу ижодкорлар сафида ўзининг одамийлиги, камтар ва камсуқумлиги, самимияти ва ўзбек тилига чексиз меҳр ва эътибори, қатъий тартиб ва интизоми билан ажралиб турадиган ижодкор Николай Ильиннинг борлиги диққатга сазовор.
Форум давомида Николай Ильиннинг 75 йиллиги кенг нишонланди. Унинг ижоди, фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди. Н.Ильин ижодига оид “Ветви волшебного дерева”, “Ҳаёт гўзал бағоят”, “”Коля ака” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Анжуман доирасида шунингдек, “Танқид адабиёт жанри сифатида” рукни остида “Слововиплески” танлови иштирокчиларининг ижоди батафсил таҳлил этилади.
“Фарғона шеърият мактаби”, “Ўзбек тилидан русчага таржиманинг ўзига хослиги” (Фарида Афрўз ижоди мисолида), “Адабиёт ва фан ҳамкорлиги” номли адабий муҳокамалар бўлиб ўтади. Шу билан бирга, турли тилларда ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар асарларининг тақдимоти ўтказилади.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари