2022 йил 20 майда қабул қилинган “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ҳамда қайта ишлашни ташкил этиш, доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг ишчи гуруҳи ҳудудларда бўлиб, ер майдонларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш билан бир вақтда ушбу қарор ижросининг ҳам мониторингини олиб бормоқда. Жумладан, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Қамар қишлоғида экин ер майдонларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда доривор ўсимликлар етиштиришни ривожлантириш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.
“Қамар дориворлари” корхонасига қарашли 995,9 гектар ернинг 23,9 гектари доривор ўсимликлар етиштириш учун ажратилган. Ҳозирда бу майдонларда 72 хил доривор ўсимликлар етиштирилмоқда. Адонис, Коврак, Анзур пиёз, Зирк, Қизилдўлана, Бўймодарон, Чаканда, Топинамбур(ер нок) Қизил тоғ олча, Қора андиз, Ширин мия, Қалампир ялпиз шулар жумласидандир. Шунингдек, хўжаликда Тоғрайҳон, Темиртикан, Наъматак етиштирилмоқда.
Ҳозирда корхона томонидан фақатгина доривор ўсимликлар етиштириш билан шуғулланиб қолмасдан, аччиқ бодом, ўрик, ёнғоқ, седана, кунжут ва бошқа доривор ўсимликлардан мой чиқариш учун Эрондан замонавий технология олиб келинди. Бундан ташқари МЧЖ томонидан мингта хонадонда доривор ўсимликлар етиштириш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда ҳозирда 285 та хонадон билан доривор ўсимликлар етиштиришни ташкил этиш мақсадида шартнома тузилди.
Айни вақтда 8 гектар майдонда парваришланган Анзур пиёзидан режадаги 20 тонна ҳосилни йиғиб-териш ишлари олиб борилмоқда.
М.Қосимова, ЎзА