Дориларнинг ноқонуний савдоси жиддий хавф туғдиради
Дори воситаси — оддий товар эмас. У инсон ҳаёти ва саломатлиги билан бевосита боғлиқ. Шу боис сифати, келиб чиқиши ва хавфсизлиги кафолатланмаган дориларнинг ноқонуний савдога чиқарилиши нафақат иқтисодий қонунбузарлик, балки аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид ҳамдир.
Бухоро вилоятида божхона органлари томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш, контрафакт ва сифатсиз маҳсулотларнинг ички бозорга кириб келишини чеклаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Навбатдаги тезкор тадбир Бухоро шаҳрида олинган тезкор маълумот асосида вилоят божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Тадбир давомида дорихоналардан бирида тегишли ҳужжатларсиз “Kabiven” номли дори воситасининг бир ўрамини 1,8 миллион сўмга сотаётган шахс аниқланиб, тўхтатилди. Бу эса ҳолатнинг асл кўламини аниқлаш учун асос бўлди.

Дорихона холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у ерда дори воситаларининг қонуний келиб чиқишини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, шунингдек, маҳсулотларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ ўзбек тилидаги маркеровкага эга эмаслиги маълум бўлди. Энг ҳайратланарлиси, текширув жараёнида 114 турдаги жами 650 қути дори воситаси аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу маҳсулотларнинг умумий қиймати 390 миллион сўмни ташкил этади. Бир қарашда бу рақам иқтисодий зарарни англатгандек туюлиши мумкин. Аслида эса масаланинг энг оғир жиҳати бошқа.
Қаерда ишлаб чиқарилгани, қандай шароитда сақлангани, таркиби ва сифати талабларга жавоб бериши кафолатланмаган дори воситасининг истеъмолчи қўлига етиб бориши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу маънода мазкур тезкор тадбир нафақат контрафакт маҳсулотларни аниқлаш, балки эҳтимолий хавфнинг олдини олиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш учун материаллар масъул органларга юборилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири